Мусулмонлар бир тана аъзоларидир — КиберПедия 

Таксономические единицы (категории) растений: Каждая система классификации состоит из определённых соподчиненных друг другу...

Папиллярные узоры пальцев рук - маркер спортивных способностей: дерматоглифические признаки формируются на 3-5 месяце беременности, не изменяются в течение жизни...

Мусулмонлар бир тана аъзоларидир

2017-11-27 563
Мусулмонлар бир тана аъзоларидир 0.00 из 5.00 0 оценок
Заказать работу

Иймон ва Ислом жамиятининг фуқаролари битта тананинг аъзоларига ўхшайдилар. Ўзаро бир тан-бир жон бўлиб кетган бу инсонлар ҳамиша бир-бирларининг ғам-ташвишларига ҳам, қувончларига ҳам шерикдирлар. Улар биродарларининг шодлигидан ўзларида йўқ севинсалар, мусибатларидан қайғуга тушадилар. Мўминларнинг шодиёналари ҳам, ғам-ташвишлари ҳам ўртада бўлади. “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Мўминлар ҳамиша биродарлари бошидан ғам-ташвиш булутини аритишга алоҳида эътибор берганлар. Бу йўлда бор имкониятларини ишга солганлар.

2. Дунё ғам-ташвишлари сон-саноқсиз ва уларни аритиш йўллари ҳам хилма-хилдир

Ҳаёт ғам-ташвишлар билан тўла. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим.

а) Мусулмонни зулмдан халос қилиш

Мўмин ҳеч қачон биродарига зулм қилмайди. Бироқ Аллоҳ розилигига эришиш учун бунинг ўзи кифоя эмас. Мусулмон киши биродарини ўзгалар зулмидан халос этишга ҳам ҳаракат қилиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон мусулмоннинг би родаридир. У биродарига зулм ҳам қилмайди, уни (золим қўлига) ташлаб ҳам қўймайди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Б иродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер!

- Ё Расулуллоҳ! - деди бир саҳобий - Биродарим мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Аммо у золим бўлса, қандай ёрдам қиламан?

- Уни зулм қилишдан тийгин. Мана шу унга берган ёрдаминг бўлади». (Муттафақун алайҳ).

Хусусан, бир мўмин дини-иймони учун кофир ва фосиқ кимсалардан жабр кўраётган бўлса, унга ёрдам бермоқ лозим. "Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир". (Анфол, 144-оят).

Мусулмоннинг моли, жони ёки обрў-эътиборига моддий ёхуд маънавий зулмнинг қай бири етишидан қатъиназар, унга ёрдам бермоқ вожибдир. Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қаршисида мўмин киши хорл анаётганида қодир бўла туриб, унга ёрдам қўлини чўзмаган бандани Аллоҳ таоло бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади». (Аҳмад ривоятлари)

б) Мусулмонни асирликдан қутқармоқ

Бир мусулмон душман чангалига тушиб қолса, биродарлари уни қутқармоқ учун ҳаракат қилмоқлари шарт. Зеро, мусулмон киши биродарини кофир чангалига - фитна ўчоғига ташлаб қўймайди. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Оч қолганга таом беринглар, касал ётганни бориб кўринглар ва тутқунни озод қилинглар!» (Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).

в) Муҳтож мусулмонга қарз бермоқ

Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим. Ўз фойдаси йўлида бировлар қонини ичувчи судхўр жамиятнинг аҳволи покиза Ислом муҳитида кўринмаслиги керак. Чунки жоҳиллар қийналиб қолган кишини кўрсалар, ундан ўз фойдалари йўлида унумли фойдаланишга, унинг бор-будини шилиб олишга ҳаракат қиладилар. "Намозни тўкис адо этинглар, закотни ато этинглар ва (бечора-мискинларга хайру саховат қилиш билан) Аллоҳга қарзи ҳасана беринглар". (Муззаммил, 20-оят).

Ушбу сифати билан мусулмон комил исломий муҳитга асос солади ва Парвардигори ҳузурида ажр-мукофотга ноил бўлади. «Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган ким борки, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтарур». (Бақара сураси, 245-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бир мусулмонга икки марта бир дирҳам қарз берса, уларнинг бирини садақа қилиб юборгандек ажр олади». (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Айрим ҳолларда қарз ажр-савобда садақадан юқори бўлиши мумкин. Бу эса олувчи ва берувчининг ҳолатига боғлиқдир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исро кечасида жаннат эшигига «Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар ажр бўлур», деб ёзилганини кўриб, сўрадим:

- Эй Жибрийл, нима сабабли қарз садақадан афзал бўлди?

Жибрийл жавоб бердилар:

- Чунки сўровчи баъзида нарсаси бўла туриб ҳам сўрайверади. Қарз олувчи эса фақат муҳтож бўлгани учун сўрайди». (Ибн Можа ривоятлари).

 

3. Қиёмат кунининг ғами ва ундан халос бўлмоқ

Қиёмат кунининг ғам-ташвишлари қанчалар кўп ва қанчалар улкан. Ўша кунда ғам-ташвишларини бироз бўлса-да енгиллатиш учун мўмин киши солиҳ амалларга нақадар муҳтож. Қиёмат куни қаршисида нажот эшиклари очилиши ва жаннат йўли ёритилишини истаган банда ўзи учун бу дунёда хайрли амаллар захирасини тўлдириб олиши даркор.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ”Аллоҳ т аоло аввалгиларнию охиргиларни бир тепаликка жамлайди. Нидо қилувчини уларга эшиттиради, кўз уларни кўради. Қуёш яқин келади. Одамлар тоқатлари ва бардошлари етмайдиган кулфат ва ғам-ташвишга рўбарў бўладилар. Улар бир-бирларига қараб, шундай дейдилар:

- Бошларингизга тушган ишни кўраяпсизларми?! Парвардигорингиз ҳузурида сизларни шафоат қиладиган бирон зотни қараб кўрмайсизларми?!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Қиёмат кунида одамлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолларида тўпланадилар», деган сўзларини эшитиб, сўрадим:

- Ё Расулуллоҳ! Аёлу эркак ҳаммаси-я? Ахир улар бир- бирларига қарайдилар-ку?!

- Эй Оиша, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Иш (яъни Қиёмат даҳшати) уларнинг буни ўйлашларидан қаттиқроқдир». (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "У Кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадилар" ояти ҳақида шундай дедилар: “ Кимдир икки қулоғининг ярмигача терга ботиб туради”. (Муттафақун алайҳ).

Ана шу даҳшатлар гирдобида мўмин кишига Аллоҳ таолонинг адолати етиб келади. У дунёдаги амалига яраша жазо-мукофот олади. Ҳаёти дунёда биродарлари ғам-ташвишини кетказиб юрган мўмин ўша куни ўзининг тоғ-тоғ ғам-ташвишларидан Аллоҳ таоло марҳамати билан фориғ бўлади: "Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади".

4. Қийин аҳволда қолган кишига ёрдам бермоқ

Қарзга ботиб, узишга кучи етмаётган ёки қарамоғидагиларни едириб-ичиришдан ожиз қолган ночор кишига ёрдам қўлини чўзмоқ шарт. Қийналиб қолган мўминга қуйидаги ёрдамларни бериш мумкин:

а) Қарз берган киши то биродари қарзини тўлашга қодир бўлгунга қадар сабр қилади. Ночор-қарздор биродарига бундай енгиллик бермоқ вожибдир: "Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг". (Бақара сураси, 280-оят).

б) Қарз берган киши қарзининг бир қисмини ёки ҳаммасини кечиб юборади. Ёки қарзни тўлаш муддати келганда қийин аҳволга тушиб қолган ночор мусулмонга бошқа биров қарз бериб ёки қарзини ўтаб бериб, уни бу мушкул аҳволдан қутқаради. Бу енгиллик шариатда мандуб саналиб, Аллоҳ ҳузурида улкан фазлга сабаб бўлади. "Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир". (Бақара сураси, 280-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким қийналиб қол ган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз соясига олади". (Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кимда-ким Қиёмат кунидаги ташвишлардан Аллоҳ унга нажот бе ришини истаса, ночорга ёрдам берсин ёки унинг қарзини ўтаб берсин". (Муслим ривоятлари).

Аллоҳ таоло бундай саховатли бандасига шу дунёда ҳам мукофотлар беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дуоси и жобат бўлишини ва ғам-ташвиши аришини истаган банда қийналиб қолган кишига ёрдам берсин". (Аҳмад ривоятлари).

5. Аллоҳ таоло бандаларига енгиллик берур

Мол-давлат ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган Кунда банда ҳеч шубҳасиз Аллоҳ азза ва жаллага юзланади. "У Кунда ҳаққоний подшоҳлик Раҳмон учундир. У кун кофирларга кўп қийин кун бўлур". (Фурқон сураси, 26-оят); "Чунки қачон бурғу чалинганида, ана ўша Кун қийин Кундир. Кофирларга осон бўлмаган кундир". (Муддассир, 8-10-оятлар).

Аллоҳга куфрони немат қилиб ибодат нима, шукр нима билмаган, атрофдаги одамларга яхшилик ва эҳсон кўзи билан боқмаган золим кимсалар учун У кун ҳақиқатан жуда оғирдир. Аллоҳ ибодати ва шукрида қоим бўлган, Парвардигори фазли-марҳаматини эътироф этиб, ночор бандаларга ёрдам берган чин мўминлар Қиёмат кунида қилган яхши амалларига муносиб тарзда мукофотланадилар. Аллоҳ таоло уларнинг хато-камчиликларини кечиб юбориб, бу оғир кунни енгил қилади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: " Бир киши одамларга қарз берар ва хизматкорига «Агар қийналган одам бўлса, қарзини кечиб юбор. Шояд, Аллоҳ бизни кечирса», дер эди. Ҳалиги банда Аллоҳга рўбарў бў лганида, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборди". (Бухорий ривоятлари).

Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши ҳисоб-китоб қилинганида, унда ҳеч қандай яхшилик топилмади. Фақат у бой-бадавлат бўлиб, одамлар билан аралашиб юрар ва хизматкорларига: "Қийналган одамдан пулни кечиб ю боринглар", дер эди. Аллоҳ азза ва жалла деди: "Бу ишга Биз ҳақлироқмиз. Унинг гуноҳларидан ўтинглар". (Муслим ривоятлари).

6. Аллоҳ таоло соясида

Саҳл ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга, қарзини узолмаётган ночор қарздорга ёки м укотабга [41] ёрдам берса, Аллоҳ соясидан ўзга соя бўлмаган куни Парвардигори олам уни сояси остига олади". (Аҳмад ривоятлари).

7. Аллоҳ ва Расулига итоат қилишнинг нодир намуналари

Тоат-ибодат, хайр-саховат ва шукрони неъмат борасида саҳобаи киромларга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва бўйсундик", демоқликдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (Нур сураси, 51-оят).

Пайғамбар хулқи билан хулқланган, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлган асҳоби киромлар хайр-саховати биз учун жуда ибратлидир. Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу масжидда Ибн Абу Худраддан қарзини талаб қилиб, бироз тортишиб қолдилар. Уларнинг баланд овозларини ҳужраларида туриб эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужра пардасини кўтариб, чақирдилар:

- Эй Каъб!

- Лаббай, Ё Расулуллоҳ!

- Қарзингнинг бунчасини кечиб юбор! - (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ярмини деб ишора қилдилар).

- Ё Расулуллоҳ, бўпти, шундай қилдим.

- Тур, қарзингни тўла! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Абу Худрадга. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кишининг баланд овозда гаплашаётганини эшитдилар. Уларнинг бири биродаридан бўйнидаги қарзини бироз камайтиришни ва озгина енгиллик беришини сўрарди. Иккинчиси эса "Аллоҳга қасамки, бундай қилмайман", - деб туриб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ёнига чиқдилар:

- Ким у, яхшилик қилмайман, деб Аллоҳ номига қаттиқ қасам ичаётган?!

- Мен, Ё Расулуллоҳ. Бўлди, унинг айтгани бўлади, - дедилар ҳалиги саҳобий”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Асҳоби киромларга яхшилик-хайр йўлида биргина ишоранинг ўзи кифоя эди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

8. Мусулмоннинг айбини беркитмоқ

Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади". (Ибн Можа ривоятлари).

Салафлардан бири айтадилар:

"Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади".

Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: "Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади". (Термизий ривоятлари). Абу Довуд ва Аҳмад ривоятларида: "Мусулмонларни ғийбат қилманглар!" - ҳам дейилган.

9. Мусулмоннинг камчилигини кўриб қолган киши нима қилади?

Бировнинг айбидан воқиф бўлган мусулмон киши индамасдан буни яшириб кетсинми ёки чиқиб жар солсинми? Одамлар бу борада икки хил ҳолатда бўладилар:

а) Ҳолати яширин, яъни одамлар орасида маъсият қилувчи сифатида ном чиқармаган киши. Бундай одам томонидан бирон маъсият, тойилиш содир этилса, уни бошқаларга гапириб, тарқатиб юрмасдан, яширмоқ лозим. Чунки мусулмонлар орасида яхши ном қозонган бир мўминнинг камчилигини ёймоқ ғийбат ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз". (Нур сураси, 19-оят).

Олимлар айтадилар: "Бу ерда мўмин билмасдан қилиб қўйган бир хато ёхуд мутлақо содир бўлмаган нарса билан уни айблаб гап тарқатиш назарда тутилаяпти".

Гуноҳлар билан номи чиқмаган, нопок ишларни ошкора қилиб юрмаган мўминлар айбини беркитмоқ лозим. Мусулмоннинг айбини беркитиш деганда ана шундай кишилар назарда тутилади.

Бир олим айтган эдилар: "Гуноҳкор мусулмонлар айбини беркитинг. Чунки уларнинг маъсиятларини ёймоқ Ислом аҳлининг айбини кўрсатмоқдир. Ишларнинг энг афзали биродарлар айбини беркитмоқдир".

Албатта, биродарининг айбини бошқалар кўзидан яширган киши фақат шу билан кифояланиб қолмайди. У биродарига панд-насиҳат қилиб, уни ёмон ишлардан йироқ юришга ва шариат аҳкомларига тўла риоя этишга даъват қилади. Зеро, панд-насиҳат қилмоқ мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақлари сирасига киради.

б) Маъсиятларни ошкора қилувчи, ёмонлик билан танилган фожир кимсалар айби беркитилмайди. Қилган гуноҳига афсус-надомат чекмайдиган фосиқ кимсаларнинг асл башарасини маълум қилмоқ, ҳатто вожиб ҳамдир. Чунки бунда бошқа мусулмонлар ҳақиқатдан хабардор бўлиб, фосиқлар ёмонлигидан ўзларини эҳтиёт қиладилар. Ошкора бузғунчилик қилувчи кимсанинг кирдикори зўрайиб, ўзи одамлардан тап тортмайдиган бўлиб кетса, унинг ишини ҳокимга кўтариш вожиб бўлади. Ислом раҳбари гуноҳкорга қилмишига яраша шаръий жазо белгилайди.

Гуноҳдан тийилмайдиган фожирлар айбини беркитмоқ уларни бадтар руҳлантириб юборади. Натижада жамият орасида фасод авж олади. Шу боис Ислом диёрини фитна-бузғунчиликдан покиза сақлаш йўлида бундай ярамас кимсаларга, ҳатто қидириб топиб жазо берилади. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдан олинади: Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳукм сўраб келди. Бирининг ўғли иккинчисининг аёли билан зино қилганди. "Эй Унайс, ўша аёлнинг олдига бор. Агар иқрор бўлса, уни тошбўрон қил", - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

10. Хато-маъсиятни ҳокимга маълум қилмоқ

Мусулмон киши қилиб қўйган хатосини ичига яширгани ва Парвардигорига тавбалар қилгани мандубдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: “ Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, деди:

- Ё Расулуллоҳ, Мен Мадина четида бир аёлга тегиниб қўйдим. Фақат жимо қилганим йўқ. Мана, мен қаршингизда турибман. Хоҳлаган ҳукмингизни чиқаринг.

- Аллоҳ гуноҳингни беркитган экан. Уни сен ҳам ичингга яширсанг бўларди, - дедилар Умар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мусулмон киши гуноҳини тан олиб ҳокимнинг олдига борса-ю, қилиб қўйган гуноҳини батафсил баён қилмаса, ҳоким ҳам ундан тафсилотларни суриштирмагани яхши. Қилинган гуноҳни яширин қолдириб, имкон қадар уни иқрор бўлишдан қайтаради. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эканимда бир киши келиб, деди:

- Ё Расулуллоҳ, мен ҳад-шаръий жазога лойиқ иш қилдим. Мега жазо беринг.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳеч нарсани суриштирмадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларини тугатгач, яна гапирди:

- Ё Расулуллоҳ, мен жазога лойиқ иш қилдим. Аллоҳнинг китобини устимда жорий этинг.

- Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми? - сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Ҳа!

- Аллоҳ сенинг гуноҳингни (ёки жазойингни дедилар) кечирди. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эканликларида ҳузурларига бир киши келиб, деди:

- Ё Расулуллоҳ, мен зино қилдим!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларини ўгириб олдилар. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юз ўгирган томонга ўтди. Гуноҳини эътироф этиб тўрт марта гувоҳлик бергач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақириб, дедилар:

- Ақлдан озадиган касалинг борми?

- Йўқ, Ё Расулуллоҳ!

- Уйланганмисан?

- Ҳа, ё Расулуллоҳ!

- Буни олиб бориб, тошбўрон қилинглар, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам”. (Бухорий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Моиз ибн Молик гуноҳини эътироф этиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Эҳтимол ўпгандирсан, баданини ушлагандирсан ёки қарагандирсан?

Юқоридаги ҳукмлар гуноҳкор ва унинг эътирофига тааллуқли эди. Агар ҳоли яширин кишининг бир гуноҳ қилиб қўйганини кўрсак, унинг айбини яширмоқ афзал, ҳатто буни бошқаларга етказиш макруҳ ёки ҳаром саналади. Бу жамиятнинг тинч-осуда яшаши учун зарурдир.

11. Маъсият қилишга одатланиб қолган кимса...

Бировнинг айбини беркитмоқ деганда гуноҳга қўл урган‑у шу гуноҳи ниҳоясига етган, ўзи эса Аллоҳдан қўрқадиган банда назарда тутилган. Бироқ ошкора гуноҳ-маъсият қилувчи фосиқлар қаршисида жим туриш ярамайди. Уларни маъсиятдан қайтармоқ, агар қайтмасалар, пайсалламай ҳокимга хабар бермоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мункарни кўрсангизлар, ўзгартиринглар", деганлар.

12. Гуноҳкорнинг ёнини олмоқ

Одамлар орасида ёмон ном чиқармаган дин-диёнатли киши камчиликка йўл қўйсаю, шу номаъқул иши бировнинг ҳақига тааллуқли бўлса, ўша одамдан унинг айбидан ўтишни сўраб ўртага тушиш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин-диёнатли кишиларнинг хатоларини кечиринг, магар ҳадларни жорий этинг». (Абу Довуд ривоятлари).

Маъсиятдан ҳаё қилмайдиган фосиқ кимсанинг айби яширилмаганидек, унинг ўртасига ҳам ҳеч ким тушмайди. Бошқаларга ибрат бўлиши учун бундай кимсалар шаръий жазога тортилади. Имом Молик айтадилар: "Фасод ва ёмонлик билан танилган кимсани ҳеч ким оқламасин, ёнини олмасин. Унинг устидан ҳад қоим қилиниши керак".

13. Ҳокимнинг олдида шафоат қилиш йўқдир!

Иш ҳокимга етиб боргунга қадар бировнинг ёнини олиш, ўртага тушиш мумкин. Иш ҳокимга кўтарилгач, ўртага тушиб воситачилик қилиш гуноҳ саналади. Имом Молик айтадилар: "Одамларга озор-азият етказмайдиган киши томонидан бир хато содир этилса, иш ҳокимга кўтарилмасдан туриб, унинг ёнини олиш мумкин".

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: “Ўғрилик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни анча ўйга толдирди. Улар мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб бераркин, дейишди.

- Бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, ‑ деб айтишди. Усома разияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилдилар.

- Сен Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушяпсанми?! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, хутба қилдилар: “Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғрилик қилса, индамай, заиф киши ўғрилик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесган бўлардим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳунинг ридоси ўғирланганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғрининг қўлини кесишга буюрдилар.

- Ё Расулуллоҳ, мен бундай бўлишини истамагандим. Майли, ўша ридо унга садақа, - деди Сафвон ибн Умайя разияллоҳу анҳу.

- Уни ҳузуримга олиб келмасдан шундай қилсанг бўлмасмиди? - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Насоий, Ибн Можа ва Молик ривоятлари).

Имом Молик "Муватто"да қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳу ўғрини ушлаб ҳокимнинг олдига олиб бораётган кишини учратиб қолдилар ва ўғрини шафоат қилмоқчи бўлдилар. Бироқ ҳалиги одам:

‑ Йўқ, олдин уни султонга олиб борай‑чи, ‑ деди.

- Уни ҳокимнинг олдига олиб борганингдан кейин шафоат қилувчи ҳам, шафоатланган ҳам лаънатланади, - дедилар Зубайр разияллоҳу анҳу”.

Агар ҳокимнинг олдида ҳам айбдорнинг гуноҳи сўраб олинаверса, Ислом раҳбарининг ҳайбати йўқолади. Ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлиб, жамиятда фасод-бузғунчилик кенг ёйилади. Жиноятчилар жазодан қутилиб қолишга кўз тикишади, ислоҳ қилувчилар умиди пучга чиқади. Натижада, уммат жар ёқасига келиб қолади. Шу боис Ислом раҳбарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашиб, ўз қарорларида қатъий турмоқлари лозим. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига хилоф юришдан ҳазир бўлсинлар. "Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!" (Нур, 63-оят).

14. Ўзига хос таъриф

Ибн Ҳажар Ҳайтамий биродарнинг айбини беркитишни қуйидагича таърифлаганлар: “ ...Ёки беркитишдан мурод кишининг дини сақланишига ёрдам бериб, ҳиссий ёки маънавий камчилигини яширишдир. Мисол учун, аҳли оилага муҳтож кишини уйлантириш ёки иш излаган кишига тижорат қилиши учун мол топиб бериш ва ҳоказо”.

Имом Ҳайтамийнинг гапларини мусулмонлар тўлиқ тушунганларида, жамият жуда кўп бало-офатлардан қутиларди. Турли-туман фасод ҳам шу билан барҳам топган бўларди. Хусусан, оила қуришга имконияти етмаган йигит-қизларнинг беҳуда санғишлари ва уйланиш масаласидаги бир қанча қийинчиликлар ўз-ўзидан йўқоларди. Мусулмонлар ҳали-ҳануз беғам, бепарво, адашиб-улоқиб юрибдилар. Улар Исломга мутлақо ёт бўлган бемаъни одатлар, кераксиз тақлидлар қулига айланишган. Бундай мусулмонлар учун энг муҳими маҳалла-кўй ўртасида ўзини кўз-кўз қилиш, сохта мақтанчоқлик, обрў-эътибор. Айни бидъатларнинг асосий қурбонлари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васият қилиб кетган умматининг покиза ёшлари бўлмоқда.

Мусулмонлар фарзандлари учун моддий ва маънавий тинч муҳитни яратмоқлари лозим. Токи дин саломатлиги, жамият тинчлиги ва Охират ҳаловати таъмин этилсин.

15. Мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам беришлари, Аллоҳ азза ва жалланинг мадади

Модомики, шахслар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва дўст-биродарлик бўлмас экан, улар яшаётган жамият ҳеч қачон кучли, мустаҳкам бўла олмайди. Ҳар бир мусулмон киши биродарининг иши учун моли, жони, обрў-эътиборини ўртага қўйиб ҳаракат қилсагина, жипс жамоа вужудга келади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақирган ва Қуръонда буюрилган мўминларнинг бир тан, бир жон бўлишлари воқеликда кўринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мўмин мўминга бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино кабидир". (Муттафақун алайҳ).

"Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз". (Моида, 2-оят).

Ўзаро ҳамкорлик жамиятларнинг таркиб топишида, уммат ва шахслар ҳаётида кучли таъсирга эга бўлганлиги боис, ушбу хислат Аллоҳ таоло наздидаги энг афзал амаллардан саналди. Ҳамкорлик ибодатга айланди ва унинг ажр-мукофоти намоз, рўза, садақа каби амаллар ажрига тенг ёки ортиқ қилинди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир кишига от-уловига чиқишда ёрдам беришинг ёки нарсасини кў тариб олиб беришинг ҳам садақадир". (Муттафақун алайҳ).

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутмаганлар дадил туриб ишга киришишди. (Бир ривоятда чодирлар тикишди, от-уловларни суғоришди, дейилган). Рўза тутганлар эса чарчаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бугун ажрни рўза тутмаганлар олиб кетди, - дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Яъни, рўза тутмаганлар худди рўза тутганлардек ёки кўпроқ ажрга эга бўлишди. Чунки улар ўз амаллари билан биродарларининг рўза тутишларига ҳам ёрдам бердилар.

Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир гуруҳ саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир ҳамсафарларини мақтаб келишди:

- Биз фалончидек одамни ҳеч қачон кўрмаганмиз. У ҳар доим тиловатда бўлди. Қаерга қўнсак, намоз ўқирди.

- Унинг кундалик юмушларини ким бажарди?.. Ким туясига ем берди? - деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Биз! - дейишди саҳобалар.

- Сизларнинг ҳаммангиз ундан яхшисизлар, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”. (Абу Довуд ривоятлари).

Яъни, сизлар ҳам худди Қуръон тиловат қилган ва намоз ўқигандек ёки кўпроқ ажр оласизлар.

Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амалларнинг энг афзали мўминни хурсанд қилмоқдир: Уни кийинтирасан, қорнини тўйғазасан ёки ҳожатини чиқарасан". (Табароний ривоятлари).

Мусулмон киши биродарига ёрдам бериб улкан натижага, яъни Аллоҳ таборака ва таолонинг мададига мушарраф бўлади.

"Модомики, банда биродарининг ёрдамида турар экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади".

Тўғрида, ахир куч-қувват Ёлғиз Аллоҳ таолодандир. Борлиқни ҳаракатга келтирувчи, берувчи ёки ман этувчи ёлғиз Пок Парвардигордир. Соғлигу касаллик, қуввату заифлик, бойлигу фақирлик барча-барчаси Унинг измидадир. У Зот бандалари қалбини Ўзи хоҳлаганидек буриб, айлантириб туради. Биродари ташвиши йўлида елиб-югураётган бир бандасига бошқаларни меҳрибон қилиб қўяди. Одамлар ўз-ўзидан унинг ғамини ейдиган, хизматини қиладиган бўлиб қоладилар. Фазл Аллоҳдандир ва яна Аллоҳга қайтади. Аллоҳ таоло бандаларига жазо-мукофот бериш учун амални уларга нисбат берди. Инсонларни бир-бирига муҳтож этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг карамидир. "Сизларга берилган барча ноз-неъматлар Ёлғиз Аллоҳдандир". (Наҳл сураси, 53-оят).

16. Гўзал намуна ва салафи солиҳлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини бир нарсага чақирсалар, аввало ўзлари ибрат бўлардилар. Саҳобаларига, хусусан муҳтожларига ёрдам беришда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназир эдилар. Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳунинг қизлари ҳикоя қиладилар: "Хаббоб ҳарбий гуруҳ билан чиқиб кетганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳолимиздан хабар олиб турардилар. Ҳатто эчкимизни соғиб берардилар. Идишимиз сутга тўлиб-тошиб кетарди. Хаббоб қайтиб келиб, соғгач, эчкининг сути аввалги ҳолига қайтарди." (Аҳмад ривоятлари)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари у зотнинг ҳақиқий шогирдлари, чин издошлари бўлдилар. Улар ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашардилар. Саҳобаларга чиройли суратда эргашган зотлар – тобеинлар ҳам бу йўлдан оғишмадилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлсинлар.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу эрлари йўқ уйларнинг қўйларини соғиб берардилар. Сиддиқ разияллоҳу анҳу халифа бўлгач, бир жория «Абу Бакр энди қўйларимизни соғиб бермайди», деди. Бу гап халифага етиб борди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу бунга қуйидагича жавоб бердилар: "Нега энди?! Умид қиламанки, мен киришган иш (яъни халифалик) аввал қилиб юрган амалларимнинг биронтасини ўзгартирмайди".

Умар разияллоҳу анҳу ҳамиша бевалар ҳолидан хабар олиб, кечаси уларга сув ташиб берардилар. Бир кеча Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳунинг бир аёлникига кириб кетаётганларини кўрадилар. Ҳалига аёл қартайиб, ўтириб қолган кўр кампир экан.

- Кечаги киши сизникида нима қилади? - сўради Талҳа.

- У фалон вақтдан буён ҳолимдан хабар олиб туради, керакли нарсаларни олиб келиб беради. Ахлатларни чиқариб ташлайди, - деб жавоб берди у аёл.

- Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Талҳа, - дедилар Талҳа разияллоҳу анҳу - Сен ҳали Умарнинг камчиликларини қидириб юрибсанми?

Абу Воил разияллоҳу анҳу ҳар куни эрлари йўқ ва кекса аёллар ҳолидан хабар олар, уларга керакли нарсаларни сотиб олиб келиб берардилар.

Мужоҳид айтадилар: "Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг хизматини қилай, деб бирга сафарга чиқдим. Қайтага Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу менинг хизматимни қилдилар".

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир кишининг ҳожатини чиқариш учун асҳобларини жўнатиб, дедилар: "Сизлар Собит Бунонийникига ўтиб, уни ҳам бирга олиб кетинглар. Асҳоблар Собитнинг олдига келишди.

- Мен эътикофдаман, - дедилар Собит. Улар Ҳасан Басрийнинг олдига қайтиб бориб, воқеани баён қилдилар.

- Унга бориб айтинглар, - дедилар Ҳасан Басрий - Эй Аъмаш, билмайсанми, ахир биродарингнинг ишини деб юришинг сен учун ҳаждан кейинги ҳаждан ҳам яхшироқдир!

Асҳоблар Собитнинг олдига қайтишди. У эътикофини тарк қилиб, биродарларига қўшилди".

17. Ўртага тушинглар, ажр оласизлар!

Ўзаро ҳамкорлик нафақат моддий ёрдамни, балки маънавий кўмакни ҳам ўз ичига олади. Мисол учун, кимдир биродарининг ҳожатини чиқариш учун ўз обрў-эътиборини ўртага қўйиб, ҳоким ёки масъул шахслар олдида ҳаракат қилади. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир сўровчи келса ёки у зотга бировнинг иши тушадиган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига дердилар: "Ўртага тушинглар, ажр оласизлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг тили орқали Ўзи хоҳлаганидек ҳукм қилур". (Бухорий ривоятлари).

Яъни муҳтож киши менга ўз эҳтиёжини баён қилганида, унинг ёнини олиб, ўр


Поделиться с друзьями:

Автоматическое растормаживание колес: Тормозные устройства колес предназначены для уменьше­ния длины пробега и улучшения маневрирования ВС при...

Индивидуальные очистные сооружения: К классу индивидуальных очистных сооружений относят сооружения, пропускная способность которых...

Историки об Елизавете Петровне: Елизавета попала между двумя встречными культурными течениями, воспитывалась среди новых европейских веяний и преданий...

История развития пистолетов-пулеметов: Предпосылкой для возникновения пистолетов-пулеметов послужила давняя тенденция тяготения винтовок...



© cyberpedia.su 2017-2024 - Не является автором материалов. Исключительное право сохранено за автором текста.
Если вы не хотите, чтобы данный материал был у нас на сайте, перейдите по ссылке: Нарушение авторских прав. Мы поможем в написании вашей работы!

0.109 с.