Инсон ер юзида мукаррам халифадир — КиберПедия 

Кормораздатчик мобильный электрифицированный: схема и процесс работы устройства...

Особенности сооружения опор в сложных условиях: Сооружение ВЛ в районах с суровыми климатическими и тяжелыми геологическими условиями...

Инсон ер юзида мукаррам халифадир

2017-11-27 229
Инсон ер юзида мукаррам халифадир 0.00 из 5.00 0 оценок
Заказать работу

Аллоҳ таоло инсонни яратди ва унга беҳисоб неъматлари билан фазлу карам кўрсатди. Одамлар орасидан Пайғамбарлар чиқариб, уларга самодан ваҳий туширди. Аллоҳ Расуллари инсонларга қуйидагиларни уқтирдилар:

· Ҳеч қачон Аллоҳ таолога ширк келтирмасдан, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилингиз!

· Аллоҳ буюрган ишларни амалга оширингиз! У Зот қайтарган нарсаларга яқин йўламангиз!

· Ҳамиша яхши амаллар қилишга интилингиз! Мункар ишлардан тийилингиз!

· Ҳар бирингиз инсоният бахт-саодати йўлида ҳаракат қилингиз!

· Ўзаро аҳил-иноқ яшангиз! Бир-бирларингизга беминнат ёрдам қўлини чўзингиз!

· Покиза табиат, ширин калом ва гўзал хулқ ила зийнатланингиз!

Ана шунда шахс ҳам, жамият ҳам бахтли ҳаёт кечиради. Дунёю Охират яхшилигига эришади ва Одам алайҳиссаломнинг муқарраб (Аллоҳга яқин) фаришталардан хосланган хусусияти - инсоннинг ердаги халифалиги қарор топади. “Эсланг, Биз фаришталарга: Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар”. (Бақара сураси, 34-оят).

3. Боқий насиҳат

Икки улуғ саҳобийнинг бизга қилган туҳфаси нечоғлик гўзал ва қимматли! Улар ҳабиблари ва мураббийлари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хос насиҳат эшитдилар. Дунёю Охират саодатига бошловчи ушбу хайрли насиҳат кейинчалик бутун Ислом уммати учун мангу мавъиза ва йўлланма бўлиб қолди. Мазкур насиҳат Ҳақ таоло ҳуқуқларини ўз ичига олиб, бандалар ҳақларини ҳам ҳимоя этиб туради.

4. Тақво нажот йўлидир

Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан тақво қилишга чақирадилар. Чунки у яхшиликни ўзида жамловчи, ёмонликдан қайтарувчи хислатдир. Мўминлар айнан тақво сабабли Аллоҳ таоло нусрати ва мададига ҳақли бўладилар: “Албатта Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).

Пок Парвардигор тақво эгаларига чиройли ризқ ва бало-офатлардан омонлик ваъда этган: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун ташвишлардан чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантирур”. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Аллоҳ таоло Ўзининг тақволи бандаларини душманлар макр-ҳийлаларидан омон сақлайди: “Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди”. (Оли Имрон сураси, 120-оят).

Аллоҳ Ўзидан қўрқадиган бандага албатта раҳм қилади: “Аллоҳ деди: Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва оятларимизга иймон келтирувчи бўлган кишиларга ёзурман”. (Аъроф сураси, 156-оят).

Аллоҳ таолодан тақво қилмоқ чин бандаликдир. У Зот тақво сифати ила безанган қулларини мағфират этади: “У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни бандалари Ундан тақво қилишлари-қўрқишлари лозимдир) ва (У тақво қилувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир”. (Муддассир сураси, 56-оят).

Тақводор зотлар Охиратда олий мақомларга эришадилар: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёларда қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар”. (Қамар сураси, 54-55-оятлар).

Тақвонинг фазли ва унинг улкан самаралари хусусида яна бир қанча оят-ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Инчунун, тақвонинг мўминлар йўли ва Набийлар хулқига айланиши одатий ҳолдир. “Ана ўша зотларгина Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг”. (Анъом сураси, 90-оят).

Аллоҳ таоло бандаларининг аввалгиларини ҳам, охиргиларини ҳам тақвога буюради. Зеро ким тақвони лозим тутса, зафар қучади. Ундан юз ўгирган кимсалар эса ҳалокатга маҳкумдирлар! “Биз сизлардан илгари китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар, бас, осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир! Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган Зотдир!” (Нисо сураси, 131-оят).

5. Тақво моҳияти

Тақво Ислом олиб келган ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби асосларни ўзида мужассам этган ва шу билан бирга айрим нарсаларни ман этувчи калимадир. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўра туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли инсонлардир, ана ўшалар асл тақводорлардир”. (Бақара сураси, 177-оят).

Демак, тақво дегани қуруқ даъво эмас экан. Уни Аллоҳ таоло йўлида мунтазам амал қилиш ва маъсиятларни қатъий суратда тарк этиш деб тушунмоғимиз лозим. Салафи солиҳлар тақвони қуйидагича баён қилишган: “Аллоҳга ҳамиша итоат этмоқ. Асло исён-маъсиятга яқинлашмаслик. Парвардигор зикри-ёди билан юрмоқ. Ҳаргиз уни унутмаслик. Мудом Аллоҳга шукр қилмоқ. Ҳеч вақт куфр кўчасига кирмаслик”.

Солиҳ инсонлар тақвони чин маънода тушунганлар ва барча-барча ҳолатларида унга тўла-тўкис амал қилганлар. Зеро, улар Парвардигорнинг қуйидаги нидосига ҳар доим лаббай деб жавоб беришарди: “Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар”. (Оли Имрон сураси, 102-оят).

6. Комил тақво

Шубҳали нарсалардан йироқ юриш киши тақвосининг комиллигини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва номусини сақлабди!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳаромга аралашиб қолишдан қўрқиб, ҳатто мубоҳ-мумкин нарсаларни ҳам тарк этмоқ юқоридаги ҳадис мазмунидан тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда зиёнли (ҳаром) нарсалардан қўрқиб, ҳеч бокиси йўқ (мубоҳ) нарсаларни ҳам тарк этмагунга қадар, тақводорлардан бўла олмайди”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Ҳасан Басрий айтадилар: “Тақво сифати тақводор зотларда давом этиб, ҳатто ҳалол нарсаларни ҳам тарк этишларига тўғри келган”.

7. Банда қандай қилиб тақводор бўлади?

Мусулмон фарзанди ҳақиқий тақводор зотлар сафига қўшилиши учун аввало динини яхши билмоғи лозим. Чунки у Исломни яхши билмай туриб, нималардан тақво қилиши кераклигини билолмайди. “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур!” (Фотир сураси, 28-оят).

Жоҳил-оми киши нима вожибу нима ҳаромлигини ажрата олмай қолади. Шу боис, илм олиш энг афзал ибодатлардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг энг қуйиларингизга нисбатан устунлигим кабидир”. (Термизий ривоятлари). “Ким илм излаб йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”. (Муслим ривоятлари). “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунадиган қилиб қўяди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Аллоҳга тавбалар этмоқ ва хайрли амаллар қилишга шошилмоқ тақводор мўминлар хулқидандир

Инсон баъзида унутиб ёки ғафлат босиб, гоҳо нафсининг сўзига юриб ёхуд шайтон васвасасига учиб, бирон гуноҳга қўл уриб қўяди. Бундай ҳолатда тақво эгалари гуноҳларини билган заҳоти Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилишга ва У Зотдан истиғфор сўрашга ошиқадилар. Пок Парвардигор ўзининг тақводор бандаларини Қуръони каримда қуйидагича тавсифлайди: “Улар қачон бирон-бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган - ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир”. (Оли Имрон сураси, 135-оят). “Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, ўшанда улар ҳақни кўра бошлайдилар”. (Аъроф сураси, 201-оят).

Аллоҳ таолога тавбалар қилган тақводор мўмин қилиб қўйган гуноҳини ювиш учун дарҳол хайрли амаллар қилишга киришади. У Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига аниқ ишонади: “Албатта ҳасанотлар ёмонликларни кетказади”. (Ҳуд сураси, 114-оят). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёмонлик-маъсият ортидан яхши-савобли амал қилгин: уни ўчириб юборади!” деган сўзларига ижобат этади.

9. Тоат-ибодат нури маъсият зулматларини йўқ қилади

Намоз, рўза, закот, ҳаж ва жиҳод каби солиҳ амалларни мунтазам қилиб бориш кишидан содир бўлган гуноҳларни ювиб кетади. Бу ҳақда жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки иймон билан ва Аллоҳдан савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади”. (Бухорий, Муслим ривоятлари);

- Сизларга Аллоҳ таоло унинг сабабидан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсани айтиб берайми?

- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар.

- Қийин ҳолатларга қарамай, таҳоратни комил олмоқ, масжидларга кўп қадам қўймоқ ва намоздан сўнг кейинги намозни кутмоқ! (Муслим ривоятлари);

“Ким мана бу уйга ҳаж қилиб, бепарда сўзлардан ва гуноҳ амаллардан ўзини тийса, худди онадан янги туғилгандек гуноҳларидан фориғ бўлади”. (Бухорий, Муслим ривоятлари).

Тоат-ибодатларнинг гуноҳларга каффорат бўлиши хусусида Қуръони каримда ҳам оятлар мавжуд.

10. Гуноҳи кабираларнинг каффорат этилиши учун тавба шартдир

Ҳасанотлар, яъни яхши амаллар кичкина гуноҳларга каффорат эканлиги уммат орасида билиттифоқ қарор топган ҳақиқат. Аммо қилувчисига Аллоҳ таоло аламли азоб ваъда этган гуноҳлар: ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, судхўрлик, ароқ ичиш каби гуноҳи кабиралар ўчирилиши учун албатта тавба-тазарру шартдир. “Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни албатта мағфират қилгувчидирман”. (Тоҳо сураси, 82-оят).

Бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли бўлмаган ўринларда шу нарсага умид қилинади. Бироқ бандалар ҳаққига тегишли саналган ўғрилик, талончилик ва бировни ўлдириш каби гуноҳларда гуноҳкор аввало мазлумлар ҳаққини адо этиши ёхуд уларнинг кечиб юборишларига эришиши шарт. Ана шундан кейингина тавбанинг қабул бўлишига умид қилиш, ҳаттоки ёмонликларнинг яхшиликларга айлантириб берилишига умид боғлаш мумкин. “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ таоло ана ўшаларнинг гуноҳларини савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Фурқон сураси, 70-оят).

Киши мазлумнинг ҳаққини адо этмаса ёки унинг кечиб юборилишига эриша олмай қолса, Қиёмат кунида қилмишига яраша жавоб олади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги кўприкка қамаладилар. Улар шу ерда дунёда ўтказган зулмлари учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладилар. Сўнгра покланиб - ораста бўлган мўминларга жаннатга киришга изн берилади”. (Бухорий ривоятлари).

Аллоҳ таоло бандаларига фазлу марҳамат этди. Агар инсоннинг кичкина гуноҳлари бўлмаса, унинг солиҳ амаллари гуноҳи кабиралардан кичкина гуноҳлар миқдоридаги қисмини енгиллатади. На катта ва на кичкина гуноҳга қўл урмаган банда эса Аллоҳ таолодан зиёда ажру савоблар олади.

11. Ахлоқ-одоб инсоний тараққиёт асосидир

Юқоридаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шахс ҳаётини ҳам, жамият ҳаётини ҳам бирдек ўнглайдиган омилларни бир-бир кўрсатиб ўтдилар. Яъни сиз одамлар билан чиройли муомалада бўлинг. Бировларнинг сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, ўзингиз ҳам ўзгаларга шундай муомала қилинг. Ана шунда сиз - мусулмон фарзанди яхшиларнинг дўстига айланасиз. Сиз одамларни яхши кўрасиз, улар ҳам сизни яхши кўрадилар. Сиз одамларни иззат-икром қиласиз, улар ҳам сизга ҳурмату эътибор кўрсатадилар. Сиз одамларга яхшилик қиласиз, улар ҳам сизга яхшилик билан жавоб берадилар. Ана шунда жамиятдаги ҳар бир шахс ўз вазифасини қониқиш ва камоли садоқат билан адо этади. Ҳаёт ўз изига тушади, инсоний қадриятлар сақланиб қолади, ҳақиқий маданият бўй кўрсатади.

Ислом ахлоқ-одобнинг инсон ҳаётида нечоғлик муҳим ўрин эгаллашини тўғри эътироф этгани боис, унга кўп эътибор беради. Қуйида фикримиз далили сифатида ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни келтириб ўтамиз:

“Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф сураси, 199-оят);

“Ёмонликни энг гўзал сўз билан даф қилинг! Шунда баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-қалин дўст каби бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси, 34-оят);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Сизларнинг Аллоҳга энг суюклиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиганларингиз ҳақида хабар берайми?

- Ҳа! - деб жавоб беришди саҳобалар.

- Гўзал хулқлиларингиз! (Ибн Ҳиббон ривоятлари);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Энг иймони комил мўмин хулқи гўзал бўлган мўминдир!” (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари);

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз гўзал хулқлиларингиздир”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари).

Гўзал хулқ хусусида яна бир қанча оят ва ҳадисларни санаб ўтиш мумкин. Биз келтирган далилларимизга қуйидаги саҳиҳ ривоятни хулоса сифатида эслаб ўтмоқчимиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учунгина юборилдим!” (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари. Бухорий бу ҳадисни “Ал-адаб ал-муфрад”да ривоят қилганлар).

12. Ҳусни хулққа қандай эришилади?

Киши гўзал хулқларни аста-секин ўзлаштириб бориши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамларга нисбатан хуш хулқли бўлгин!” Бошқа бир лафзда эса: “Имкон қадар хулқингни гўзал қилгин!” дейилган.

Хўш, ҳусни хулққа қандай эришилади?

Аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқларидан ўрнак олиш орқали ҳусни хулқ юзага чиқади. “Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир”. (Аҳзоб сураси, 21-оят). Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юксак хулқ эгаси бўлганлар. Аллоҳ таоло айтганидек: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).

Разил ва тубан кимсалардан йироқ юриб, ҳамиша тақводор, фозил ва гўзал хулқли яхши одамлар суҳбатида бўлиш ҳам киши хулқига ижобий таъсир кўрсатади. “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини-розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан кўзларингиз четлаб ўтмасин! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28-оят).

13. Гўзал хулқлар

Қариндош-уруғлар билан яхши муомалада бўлиш, силаи раҳм, кечиримлилик, бағрикенглик ва қўли очиқлик каби хислатлар мақтовли хулқлар таркибига киради. Уқба ибн Омир Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Уқба! Сенга дунёю Охират аҳлининг энг афзал ахлоқи хусусида хабар берайми? Сендан алоқасини узган одам билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв эт”. (Ҳоким ривоятлари). Имом Аҳмад ривоятларида: “Сени ҳақорат қилган кимсани кечириб юбор”, - дейилган.

Бировларга азият етказмаслик, одамлар ҳақида ёмон гумон қилмаслик, ҳалимлик, камтарлик, меҳрибонлик ва очиқ юзлилик ҳам ҳусни хулқ доирасидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биронта хайрли ишни ҳақир-арзимас санаманг. Ҳатто биродарингизга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам!” (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда ёмонликдан тийилсин. Зеро, мана шу нарса унинг учун садақадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Одамлар билан чиройли муносабатда бўлиш ва гўзал хулқ-атвор комил иймонли, тақводор зотлар сифатидир.

Ёмонлар даврасига - модомики, улар яхшиликка бўйсунмас ва ёмонликдан қайтмас эканлар - асло яқин йўламанг. Чин тақво эгалари маъсият аҳлини ҳеч вақт дўст тутмаганлар.

Ўн тўҚҚизинчи ҳадис
Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимояси, мадади ва нусрати

 

عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا، فَقَالَ: "يَا غُلامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ، احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلا بِشَيْءِ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَإِنِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الأَقْلامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ". (رواه الترمذي و قال: حديث حسن صحيح).

وَفِي رِواية غير الترمذي: " احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَ اعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْبِ، وَأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا".

Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларидан уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!” - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин - У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган”. (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).

Яна бир ривоятда шундай дейилган: “Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - оғир кунларингда У Зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, ёруғлик-ечим машаққат билан қўлга киритилади, шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур”.

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 

Ибн Ражаб Ҳанбалий ёзадилар: “Мазкур ҳадис Исломнинг энг муҳим умумий қоидаларини ва улуғ насиҳатларини ўзида жамлаган. Ҳатто уламолардан бири бундай деган эдилар: “Ушбу ҳадис устида фикр юритиб, хангу манг бўлиб қолдим. Ўзимни йўқотиб қўйишимга бир баҳя қолди. Эвоҳким, мазкур ҳадис маъноларини биз ҳали ҳам тўла-тўкис англаб етмаганмиз ёхуд ундан мутлақо ғофилмиз!”

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат тарбиясига қаттиқ эътибор берганлар

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар қалбида, хусусан уларнинг ёшлари қалбида соғлом ақида ниҳолини ўтқазишга ташна бўлганлар. “Ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл топишингизга) ҳарис-ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку”. (Тавба сураси, 128-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳуга юқоридагидек насиҳатлар қилдилар. Ушбу насиҳатлар таъсирида банда ўзини ўнглаб олади. Ҳамиша, ҳамма нарсада ёлғиз Парвардигорга суянадиган мағрур ва қўрқмас инсонга айланади. Бундай инсонни турли вазиятлар ҳар кўйга сололмайди. У хавф-хатарлар қаршисида тиз чўкмайди. Энди у одамларнинг маломатидан қўрқмасдан ҳақни баралла айтади. Зеро, ер юзида бирон нарса Парвардигори изнисиз амалга ошмаслигини билган, Аллоҳ таоло ҳукмисиз ҳеч ким на зарар ва на фойда беролмаслигини ич-ичидан англаб етган чин мўминнинг бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

2. Қимматли ўгит беришнинг ҳикматли услуби

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу насиҳатни кай тарзда эшитганларини бизга ҳикоя қилаяптилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу улуғ ҳикматни сўзлашдан олдин “Эй бола!” деб тингловчининг эътиборини ўзларига қаратдилар. Сўнг насиҳат унинг дилига ўрнашиб қолиши учун яна бир бор таъкидладилар: “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман!”

Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз насиҳатларини қисқа ва лўнда калималарда ифодаладилар. Бироқ айнан мана шу қисқа сўзлар замирида фикрни чархлайдиган, иймонни кучайтирадиган, улкан асосларга тегишли тоғ-тоғ маънолар ётарди.

3. Аллоҳни ёд этгин, Аллоҳ ҳам сени асрайди

Аллоҳ таоло буйруқларига тўла бўйсунинг, У Зот белгилаб қўйган ҳақ-ҳуқуқларга асло дахл қила кўрманг. Фарзларни адо этишда ҳеч қачон бепарволик қилманг. Аллоҳ қайтарган ҳаром ишлардан йироқ юринг. Ўзингиз билан мункар амаллар ўртасига парда тортинг. Ана шунда сиз Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига гувоҳ бўласиз. Пок Парвардигор дину эътиқодингизни бузилишдан, нафсингизни залолат ботқоғига тушиб қолишдан асрайди. Сизни инсу жиндан иборат шайтонлардан, ёвуз махлуқлардан ҳимоя этади. Озор-азиятлар нишонига айланмайсиз. На сизга ва на ортингиздан эргашган аҳли оилангиз, яқинларингизга ҳеч кимса дахл қила олмайди. “Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар”. (Раъд сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло тақводор бандаларининг зурриётларини ҳам балою офатлардан асрайди: “Уларнинг оталари солиҳ киши эди”. (Каҳф сураси, 82-оят).

Агар сиз дунёда Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ бўйсуниш билан У Зотни ёд этиб юрсангиз, Пок Парвардигор Охиратингизни хайрли этади, кенглиги осмонлару ер баробарида бўлган тақводорлар манзили - жаннатга киргизади. “Парвардигорингиз томонидан бўлган мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз”. (Оли Имрон сураси, 133-оят). “Уларга: “Мана шу неъматлар сизларга - ҳар бир Аллоҳга қайтувчи, аҳдини сақлагувчи, шунингдек, Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба этувчи қалб билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (яъни жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу кун мангу қоладиган Кундир”, - дейилур. Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча инъомлар ҳам бордир”. (Қоф сураси, 32-35-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига Аллоҳ таолодан ҳифзу ҳимоят сўрашни ўргатар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳуга ухлаш олдидан қуйидагича дуо қилишни буюрдилар: “Парвардигоро! Агар жонимни олсанг, унга раҳм этгин! Агар қўйиб юборсанг, уни солиҳ бандаларингни асраганингдек асрагин!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга ушбу дуони ўргатдилар: “Парвардигоро! Мени турган ҳолимда Ислом билан асрагин. Ўтирган ҳолимда Ислом билан асрагин. Уйқудалигимда Ислом билан асрагин. Ҳеч бир душман ва на ҳасадчини менга мусибат бериш билан қувонтирма!” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

4. Аллоҳ таоло нусрати ва мадади

Ким Аллоҳнинг ҳудудларига риоя қилса, Аллоҳ таоло у билан бирга бўлади, уни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади, ўнглайди ва яхшиликка муваффақ этади. Зулмат қанчалик қуюқлашмасин, аҳвол нечоғлик оғир ва мураккаб бўлмасин, Аллоҳнинг ҳақиқий тақводор бандалари ўзларининг Ҳомийлари, Қўриқчилари ва Мададкорлари билан биргадирлар. “Зотан Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят). Қатода айтадилар: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у билан бирга бўлади. Ким билан Аллоҳ бирга бўлса, демак у билан енгилмас гуруҳ, мудроқ босмас қўриқчи ва ҳеч адашмайдиган йўлбошчи бирга экан”.

Аллоҳ таолонинг нусрати Унинг буйруқларга бўйсуниш ва мункар ишлардан тийилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Ким Аллоҳга итоат этса, Парвардигори уни ғолибу азиз қилади. Ким Яратганга осий бўлса, хорлик ботқоғига ботади. “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур”. (Муҳаммад сураси, 7-оят). “Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар!” (Оли Имрон сураси, 160-оят).

5. Ёшликни ғанимат бил!

Йиғитлик даврида Аллоҳ таоло ҳукмига тўла-тўкис бўйсуниб, У Зотнинг ҳудудларини сақлаган-риоя этган инсонни кексайиб, кучдан қолган пайтида Аллоҳ сақлайди. Унинг ақлини, кўзидан нурни, қулоғидан эшитишни олиб қўймайди. Қиёматда эса мукаррам манзилга дохил қилади. Ҳеч қандай соя йўқ пайтда Аршининг соясидан баҳраманд этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Етти тоифа кишини Аллоҳ таоло ўз соясидан ўзга соя бўлмайдиган кунда соясига олади: Одил раҳбар, Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган ўсмир...” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Эҳтимол, айнан мана шу хислат сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғилларига юқоридаги насиҳатни айтгандирлар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ўша кунлари ёш бола эдилар. Токи мана шу ёш ниҳол ўзининг жўшқинлик пайтини, ёшлик шижоатини ғанимат билсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари барча муборак каломлари каби айни ҳақиқатдир: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни...” (Ҳоким ривоятлари).

Хусусан, ёшлар уммат келажаги, унинг орзу-умиди ҳисобланади. Ҳақ ва адолат уларнинг елкалари узра қоим бўлади. Умматнинг қайнаб турган кучларини йўлдан уриш ниятида ботил аҳли турли найранглар кўрсатади. Шу боис ҳам, ўсиб келаётган авлод доимий эътибор ва назоратга муҳтождир. Токи улар инсонлар ва жинлардан иборат шайтонлар қаршисида ўзларини йўқотиб қўймасинлар.

6. Аллоҳ таолонинг шокир бандалари У Зот марҳамати ва нусратига муносибдирлар

Аллоҳнинг фазлу марҳаматини ҳис этиб, Унга шукроналар айтадиган, ҳамиша шариат кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қиладиган ва Парвардигори ҳақларига риоя этадиган шокир бандалар Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясига, У Зот нусратию мададига лойиқдирлар. Чин тақводор инсонлар нафс алдовларию шаҳват аврашларига бўйсунмайдилар. Улар Аллоҳ таоло неъматларини фақат У Зот розилиги йўлида тасарруф этиб, Парвардигордан ҳамиша ҳақ йўлда собит қилишини сўрайдилар. Зиёда шукрлари сабабли Аллоҳ фазлу марҳамати улардан тўхтамайди. Ҳақиқий мўмин ўзининг ҳар лаҳза Улуғ ва Беҳожат хожасига муҳтожлигини эътироф қилади. Фазлу барака фақат Аллоҳ таоло қўлида эканлигига ва У Зот хоҳлаган бандасига фазл кўрсатишига қатъий иймон келтиради. “Сизларга берилган барча неъматлар Аллоҳдандир”. (Наҳл сураси, 53-оят).

Парвардигорини ана шундай чиройли таниган банда Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилади ва У Зот муҳаббатини қозонади. Унинг дуолари ижобат бўлиб, сўраган нарсасига эришади. Ширин ҳаётини бузадиган, жонига таҳдид соладиган бало-офатлардан уни Меҳрибон Рабби омон сақлайди. “Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин - У Зот сени оғир кунларда танийди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оғир дамларда дуо-илтижосини Аллоҳ таоло ижобат этишини истаган банда ёруғ кунларда кўп дуо қилсин!” (Термизий ривоятлари).

Пок Парвардигор Ўзининг ана шундай солиҳ бандалари хусусида марҳамат қилади: “Агар у Мендан сўраса, албатта бераман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан”. (Ҳадиси қудсий).

7. Барча ҳожат Аллоҳ таолодан сўралади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳуни ва шу орқали барча мўминларни ҳамиша ва фақат Аллоҳга юзланишга буюрдилар. Эҳтиёж ҳам, паноҳ ҳам, мадад ҳам ёлғиз Аллоҳдан сўралади. Биз дуою шукр билан ҳеч қачон Ундан ўзгага юкинмаймиз. Мағфират ҳам фақат Парвардигордан умид қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра! Агар кўмак истасанг, Аллоҳдан иста!” (Термизий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Дуо қилувчи борми, Мен унинг дуосини ижобат этаман! Сўровчи борми, Мен унинг сўраган нарсасини бераман. Истиғфор айтувчи борми, Мен уни мағфират қиламан””. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Дуони ижобат қилгувчи Зотга қилинади

Дуо фақат яккаю ёлғиз Аллоҳга қилинади. “Менга дуо қилингиз, қилган дуоларингизни мустажоб қилурман”. (Ғофир сураси, 60-оят).

Аллоҳ субҳонаҳу Ундан ҳожатини сўровчи дуогўй бандаларини мақтаб зикр этган: “Дарҳақиқат, улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар”. (Анбиё сураси, 90-оят).

Фақат Аллоҳ таологина бандалари дуо-илтижосини эшитади ва ижобат қилади. “Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара сураси, 186-оят).

9. Ҳожатлар ҳеч вақт малолланмайдиган Сахий Зотдан сўралади

Чин иймон эгалари инсонлардан асло умидвор бўлмайдилар. Улар Аллоҳ таоло буюрганидек, барча ҳожатларини Карим ва Раҳмон Парвардигорларидан сўрайдилар. “Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар!” (Нисо сураси, 32-оят). Расул


Поделиться с друзьями:

Таксономические единицы (категории) растений: Каждая система классификации состоит из определённых соподчиненных друг другу...

Археология об основании Рима: Новые раскопки проясняют и такой острый дискуссионный вопрос, как дата самого возникновения Рима...

Поперечные профили набережных и береговой полосы: На городских территориях берегоукрепление проектируют с учетом технических и экономических требований, но особое значение придают эстетическим...

Индивидуальные очистные сооружения: К классу индивидуальных очистных сооружений относят сооружения, пропускная способность которых...



© cyberpedia.su 2017-2024 - Не является автором материалов. Исключительное право сохранено за автором текста.
Если вы не хотите, чтобы данный материал был у нас на сайте, перейдите по ссылке: Нарушение авторских прав. Мы поможем в написании вашей работы!

0.219 с.