Монлик ва бидъатларни рад этиш — КиберПедия 

Архитектура электронного правительства: Единая архитектура – это методологический подход при создании системы управления государства, который строится...

Своеобразие русской архитектуры: Основной материал – дерево – быстрота постройки, но недолговечность и необходимость деления...

Монлик ва бидъатларни рад этиш

2017-11-27 244
Монлик ва бидъатларни рад этиш 0.00 из 5.00 0 оценок
Заказать работу

 

عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ عَبْدِ اللهِ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ". وفي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: " مَنْ عَمِلَ عَمَلا لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدّ"ٌ. (رواه البخاري ومسلم).

 

Уммулмўминин Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у албатта рад этилур".

Имом Муслимнинг ривоятида: "Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад этилур". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларидан биридир. “Амаллар ниятлар биландир” ҳадиси амалларнинг ички-ботиний тарафи учун мезон ҳисобланиб, агар Аллоҳ толо розилиги мақсад қилинмаган бўлса, ҳеч бир амал учун ажр-савоб йўқ эканлигини англатарди. Бу ҳадис амалларнинг зоҳирий тарафи учун мезон ҳисобланади ва ҳар қандай амал агар Аллоҳ ва Расулининг амри бўлмаган бўлса, қилган кишининг ўзига қайтарилажагини ҳамда кимки динда Аллоҳ ва Расули изн бермаган нарсаларни пайдо қиладиган бўлса, Ислом дини ундан пок эканлигини англатади.

Имом Нававий айтадилар: "Ушбу ҳадисни ёддан билиш ва мункар ишларни қайтаришда уни далил қилиб келтириш керак".

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадиларки: "Бу ҳадис энг сермазмун қоидалардандир. Бирор далилдан шаръий ҳукмни чиқариб олишдан аввал ўша далилни шу қоида асосида текшириб кўриш лозим".

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ислом дини фақат бўйсуниш ва эргашишдир, унда янгича нарсаларни пайдо қилиш мумкин эмас

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу қисқагина ҳадис билан Исломни “ғулув”га кетувчилардан, яъни, динда чуқур кетиб, одамларга Исломни мураккаб қилиб кўрсатиб қўювчилардан ҳамда ботилга эргашувчилардан, яъни Исломга бидъат таълимотларни олиб кирувчилардан ҳимоялаб қўйдилар. Шунинг учун бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган оз сўзлар билан кўп маъноларни ифодалай олиш мўъжизасига бир намуна саналади.

Қуръони каримда ҳам ҳақиқий ютуқ ва нажот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига ҳеч нарсани қўшмасдан ҳамда чуқурлашмасдан эргашишда эканлигига ишора қилувчи оятлар талайгина бўлиб, ушбу ҳадис шу оятларнинг хулосасидир. "Айтинг: “Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ Ғафур ва Раҳийм Зотдир". (Оли Имрон сураси, 31-оят); “Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлгагина эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, у сизларни Унинг йўлидан узиб қўяди.” (Анъом сураси, 153-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп хутбаларида қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинади: "Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо қилинган нарсалардир. Зеро, ҳар бир кейин пайдо қилинган нарса бидъатдир, ҳар қандай бидъат эса залолатдир". (Муслим ривоятлари).

Имом Байҳақий ривоятларидаги ҳадисда эса, худди шу сўзлардан кейин қўшимча: "Ҳар қандай залолат эса дўзахдадир" лафзи ҳам ворид бўлган.

Рад этиладиган амаллар

Мазкур ҳадис шоре (Аллоҳ ва Расул) тарафидан буюрилмаган ҳар қандай амал рад этилишига очиқ ҳужжатдир. Унинг мазмунидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

• Барча амаллар шариат аҳкомлари билан чегаралаб қўйилгандир.

• Барча амалларга мукаллаф бандалардан содир бўлаётган ишлар сифатида Аллоҳ таолонинг китобида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ворид бўлган буйруқлар ва қайтариқлар асосида ҳукм берилади.

• Амаллар шаръий аҳкомлар доирасидан чиқиб кетиши ва улар билан чекланмаслиги мумкинмас. Биз ҳар қандай амал борасида шариат берган ҳукмни тан олмоғимиз лозим. Амалларни шариат устидан ҳоким қилиш эса очиқ залолатдир.

• Қачонки одамлар ўзларига ёқиб қолган амал билан шариат устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсалар, ҳар бир мусулмон бундай амални ботил деб билмоғи ва уни кескин рад этмоғи лозим.

Рад этилиши лозим бўлган амаллар икки турли бўлиши мумкин:

Биринчи. Бу турдаги амаллар ибодатларда бўлади. Қайси бир ибодат Аллоҳ ва Расули ҳукмидан четга чиқадиган бўлса, у албатта эгасига қайтарилажак мардуд амалдир.

Аллоҳ Макка мушриклари ҳақида айтадики: “Ёки уларнинг диндан Аллоҳ таоло изн бермаган нарсаларни ҳам шариатга киргазиб берувчи шериклари борми?..” (Шўро сураси, 21-оят).

Иккинчи. Рад этилиши лозим бўлган амалларнинг иккинчи тури муомалалардадир.[5]

Шариатга буткул зид бўлган ҳар қандай шартнома ва келишув ботил ҳисобланади ва ўз эгасига қайтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида содир бўлган қуйидаги воқеа бунга далилдир. “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Менинг ўғлим фалончининг хизматини қилар эди. Ўша кишининг аёли билан зино қилиб қўйибди. Ўғлимни ундан юзта қўй ва бир қул эвазига жазодан қутқариб олдим”, - деб фатво сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Юзта қўйинг билан қул ўзингга қайтарилади. Ўғлингга эса юз дарра урилиб, бир йилга сургун қилинади", - дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

3. Мақбул амаллар

Динда кейинчалик пайдо қилинган амаллар орасида шариат аҳкомларига зид келмайдиган, балки шаръий далил ва қоидалар уларни қувватлайдиганлари ҳам бор. Бундай амаллар мақбул ва мақтовга сазовор амаллар ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ҳам шу каби амалларни жоиз санаганлар. Бу эса улар тарафидан ижмо деб эътироф этилади. Сўзимизга энг ёрқин мисол Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврларида Қуръони каримнинг яхлит китоб шаклида жамланиши ва Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврларида шу китобдан нусхалар кўчирилиб, турли ўлкаларга қорилар билан тарқатилишидир. Бундан ташқари, наҳв (синтаксис), фароиз (мерос илми) ва тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва шу каби Ислом шариатининг асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам таҳсинга сазовор янгиликлардандир. Жамият ривожи ва уммат ислоҳи учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам ана шу қоида доирасига киради.

Мон бидъат ва яхши бидъат

Юқорида айтиб ўтганларимиздан сўнг қуйидаги хулосага келамиз:

Динда кейинчалик пайдо қилинган амалларнинг Аллоҳ шариатига хилоф бўлганлари ёмон бидъат ва очиқ залолатдир.

Кейин пайдо бўлган амалларнинг шариат доирасидан чиқмаган, унга мувофиқ келганлари мақбул ва мақтовга сазовордир. Уларнинг баъзилари мандуб ё мустаҳаб бўлиши, баъзилари эса ҳатто фарзи кифоя бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун имом Шофеий айтадилар: "Қуръони каримга, саҳиҳ Суннатга, саҳобаи киромлар ижмосига ёки улардан ворид бўлган саҳиҳ асарга [6] зид равишда пайдо қилинган ҳар қандай янгилик бидъат ва залолатдир. Аммо мазкур манбаларга зид келмайдиган бирон хайр-яхшилик пайдо қилинса, у албатта мақтовга сазовор “бидъат”-янгиликдир".

Ёмон бидъатлар ичида фақатгина макруҳ бўлганлари ҳам бор. Аммо фақат зарар ва фасод келтирадиган ҳамда Исломнинг асл мақсадлари ва аҳкомларига зид бўлган бидъатлар ҳаром қилингандир. Таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай бидъатлар кишини очиқ залолатга, қинғирликка ва ҳатто куфрга ҳам етаклайди. Чунончи, илоҳий ваҳийни ва Аллоҳ шариатини инкор этувчи, шариат соясида ҳаёт кечиришни қолоқлик ва заифлик деб билувчи, инсон ўйлаб чиқарган қонунларни ҳоким қилишни талаб этувчи ҳайъатлар ва жамоаларга аъзо бўлиш ҳам одамни куфрга олиб кириб кетиши мумкин.

Шунингдек, сўфийликни даъво қилиб, шаръий ибодатларга эътиборсиз бўлган, Аллоҳ таолонинг ҳалол ва ҳаром учун қўйган ҳудуд-чегараларига риоя қилмасликка журъат этадиган, "Аллоҳ таоло бутун борлиқ билан бирлашиб кетган" ҳамда "Аллоҳ таоло хоҳлаган махлуқнинг вужудига кириб олиши мумкин" деган куфрона тушунчаларга эътиқод қиладиган жамоаларга қўшилишнинг ҳукми ҳам шундай.

Ҳозирда кўпчилик орасида тарқалган бидъатлардан яна бири қандайдир булоқ, дарахт, мозор каби нарсаларни улуғлаш, табаррук санаш ва уларни фойда ёки зиён келтиришга қодир деб эътиқод қилишдир.

Мушриклар бир сидр дарахтини улуғлашар ва унга қурол-аслаҳаларини осиб қўйишар эди.[7] Шунинг учун улар бу дарахтни Зоти анвот (қуроллар осиладиган дарахт) деб аташарди. Ҳунайн жангидан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлар билан бирга ўша сидр дарахти олдидан ўтиб қолдилар. Шунда саҳобалар:

- Ё Расулуллоҳ, анавиларда Зоти анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти анвот қилиб беринг! – дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Аллоҳу акбар!.. Бу Мусо алайҳиссаломга қавми айтган гапнинг ўзгинаси-ку! Улар: “Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир илоҳ қилиб беринг!” дейишган эди, - дедилар. Сўнгра, қўшиб қўйдилар: - Сизлар жоҳиллик қилаётган қавмсизлар, ҳали сизлардан аввал ўтган қавмлар йўлига изма-из эргашасизлар...

5. Имом Муслим ривоятларида келган: “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад қилинур” лафзининг маъноси

Баъзи кишилар ўзлари бидъат ўйлаб чиқармасалар-да, бошқалар чиқарган бидъатларни қилиб юрадилар. Бундайларга Имом Бухорийнинг "Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса..." ривоятини келтирсангиз саркашлик билан: "Буни мен пайдо қилганим йўқ, шунинг учун қилавераман", - дея жавоб бериши мумкин. Шунда, унга Имом Муслимнинг “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у рад қилинур” ривоятини келтирсангиз, бидъатчи учун узр-баҳоналарга ўрин қолмайди.

6. Ҳадиснинг мазмунидан қуйидаги нарса маълум бўлади:

Ким Ислом шариатига мувофиқ бўлмаган бирон бидъатга асос солса, бошқаларнинг гуноҳи унинг зиммасига юкланади, амали ўзига қайтарилади ва Аллоҳ Таолонинг азоби ваъда қилинган кишилар қаторига киради.

 

7. Ҳадис мазмунидан қуйидаги фиқҳий қоида ҳам келиб чиқади:

Бирон амалдан қайтариш шу амал бажарилган тақдирда, унинг фосид саналишини ва эътиборга олинмаслигини билдиради.

8. Ислом дини комил ва бенуқсон диндир

Олтинчи ҳадис

Ҳалол ва ҳаром

 

عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "إِنَّ الْحَلالَ بَيِّنٌ وإِنَّ َالْحَرَامَ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ". (رواه البخاري ومسلم)

 

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: "Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса, шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшонинг қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Шубҳасиз, бу улуғ ҳадис Исломнинг асосини ташкил этадиган ҳадислар қаторига киради. Бир гуруҳ олимлар бу ҳадисни Исломнинг учдан бири деб васфлаганлар. Имом Абу Довуд эса уни Исломнинг тўртдан бири деб атаганлар. Лекин ҳадиснинг мазмунига чуқурроқ разм солган киши, унда Исломнинг деярли барча жиҳатлари қамраб олинганига гувоҳ бўлади. Чунки у ҳалол-ҳаромни, шубҳали бўлган нарсаларни ҳамда қалбни ислоҳ қилувчи ва уни бузувчи омилларни баён қилади. Бу эса, шариат аҳкомларини, унинг асосий қоидаларини ҳамда шу қоидалардан келиб чиқадиган бошқа аҳкомларни билишни тақозо этади. Ушбу ҳадис тақво негизи бўлган шубҳадан йироқ юриш масаласида асос ҳисобланади.

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ. Аммо у иккисининг ўртасида шубҳали нарсалар бор

Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: "Нарсалар уч қисмга бўлинади:

Ҳалоллиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан нон емоқ, гапирмоқ, юрмоқ каби.

Ҳаромлиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан ароқ ичиш, зино қилиш каби.

На ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлган иштибоҳли нарсалар. Уларнинг ҳукмини кўпчилик билмайди. Уламолар эса оят-ҳадис ҳужжати билан ёки қиёс орқали уларнинг ҳукмини биладилар. Демак, бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлигида иштибоҳ туғилса ва бу борада оят-ҳадисдан ва ижмодан далил топилмаса, мужтаҳид олим шу мавзуда ижтиҳод қилиши ва шаръий далил билан ўша ноаниқ нарсани ҳалолга ёки ҳаромга нисбатлаб бериши лозим бўлади".

Ҳалол-ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосига далолат қилади. Мисол учун молига рибо пули аралашганлиги эҳтимол қилинган киши билан пул муомаласи қилиш аслида мубоҳ бўлса-да, тарк қилинмоғи афзалдир.

Аммо тақво қилиш даъвоси билан аслида ҳаром бўлиши эҳтимоли жуда ҳам йироқ бўлган нарсалардан-да тийилиб, васвасага тушиш нотўғри. Бундай қилиш тарк қилинмоғи афзал бўлган шубҳалар жумласига кирмайди. Мисол учун, ҳеч бир ҳужжатга эга бўлмай туриб, биронтасига уйлансаму келин менга номаълум тарафдан маҳрам бўлиб чиқса нима қиламан, деб қўрққанидан уйланмай юриш ёки нажосат аралашган бўлса-чи деб, чўлда топилган сувни истеъмол қилмаслик каби "эҳтиёткорликлар" тақводан эмас, балки шайтоний бир васваса холос.

2. Иштибоҳли нарсалар ҳам ўз навбатида бир неча хил бўлади

Ибн Мунзир иштибоҳли нарсаларни уч қисмга бўлганлар:

Биринчи ҳолатда киши бир нарсанинг ҳаромлигини аниқ билади-ю, кейинроқ у ҳалол бўлиши ҳам мумкин деган эҳтимол пайдо бўлади. Шунда у нарса ҳалол бўлиб қоладими? У ҳолда ўша нарсанинг ҳалоллиги аниқ бўлмагунга қадар, унга яқинлашмаслик лозим. Масалан, олдимизда бирини мўмин киши, иккинчисини эса бутпараст сўйган икки гўшт турган бўлса, биз қай бири бутпарастники, қайсиниси мўминники эканлигини аниқ билмай шубҳаланаётган бўлсак, аниғини билмагунча ундан истеъмол қила олмаймиз.

Иккинчи ҳолатда эса бир нарса аниқ ҳалол бўлади, кейин эса унинг ҳаром бўлиш эҳтимоли пайдо бўлиб қолади. Масалан, киши ўзининг ҳалол хотинини талоқ қилган-қилмаганлигида шубҳаланиб қолса, таҳорат қилгани аниқ эсида бўла туриб, кейин таҳоратини бузган-бузмаганлиги эсидан чиқиб қолса, нима қилинади? Бу ўринларда ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани юқоридагидек асоссиз шубҳа-гумонлар билан ҳаромга ҳисоб қилинмайди, яъни унинг хотинига талоқ тушмайди ҳамда таҳоратсиз бўлиб қолмайди.

Учинчи ҳолатда эса киши бир нарсанинг ҳаромлигида ҳам, ҳалоллигида ҳам баробар даражада шубҳаланиб қолади. Бундай ҳолатларда қаердан келиб қолгани номаълум бўлган хурмо донасини кўрганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, шубҳали нарсадан эҳтиёт бўлмоқлик авлороқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Гоҳида мен аҳли аёлим ҳузурига кирганимда, тўшагим устида ётган хурмога кўзим тушиб, уни емоқчи бўлиб қўлимга оламан-да, кейин унинг закот ёки садақа молларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, ташлаб юбораман". (Бухорий, Муслим ривоятлари).

3. Шубҳалардан йироқ бўлиш ҳақида салафлардан қилинган нақллар

Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар: "Комил тақво - банданинг Аллоҳ таолодан ҳатто заррача нарса хусусида ҳам қўрқмоғи ва ўзи билан ҳаром ўртасига тўсиқ қўйиш мақсадида ҳаром бўлиши эҳтимолидан қўрқиб, баъзи ҳалол нарсаларни ҳам тарк қилмоғидир".

Ҳасан Басрий айтадилар: "Тақводор кишиларда тақво шу даражага бориб етадики, улар ҳаромдан қўрққанлари боис, кўпгина ҳалол нарсалардан ҳам тийилиб турадилар".

Суфён Саврий айтадилар: "Тақводор кишилар одатда тақво қилинмаса ҳам бўлаверадиган масалаларда ҳам ўзларини тийганликлари боис тақводор деб номландилар".

 

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан: "Мен ўзим билан ҳаром нарсалар ўртасида аслида ҳалол нарсалардан иборат бир парда қўйиб, уни ҳеч қачон бузмасликни хоҳлар эдим".

Суфён ибн Уяйна айтадилар: "Банда токи ўзи билан ҳаром ўртасида ҳалолдан бўлган бир тўсиқ қўймагунича ҳамда гуноҳ ва шубҳали нарсаларни ҳам тарк қилмагунича иймон ҳақиқатига эриша олмайди".

Абу Бакр разияллоҳу анҳудан собит бўлишича, у киши бир марта билмаган ҳолда шубҳали нарсани еб қўйганлар. Сиддиқ разияллоҳу анҳуга ҳалиги нарсанинг шубҳали эканлиги айтилгач, дарҳол бармоқларини оғзиларига тиқиб, қайт қилиб ташлаганлар.

Иброҳим ибн Адҳамдан:

- Замзам сувидан ичмайсизми? - деб сўрадилар. Шунда у киши:

- Агар ўзимнинг идишим бўлганида, ичардим, - дея жавоб бердилар.

Бу билан у киши ўша идишларнинг ҳаммаси султоннинг молидан эканлигига, султонинг молига эса баъзи мўминлардан зулман олиб қўйилган моллар ҳам аралашганлигига ишора қилган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан Аллоҳ рози бўлсин, уларга чиройли суратда эргашган салафларни ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин. Улар ҳар қандай шубҳадан йироқ бўлдилар ва динларини пок сақладилар.

4. Ҳар қандай подшонинг ўз қўрғони бор, Аллоҳнинг ердаги қўрғони У ҳаром қилган нарсаларидир

Ҳадисда бу масал зикр қилинишидан мақсад одамлар кўра оладиган ва сезги аъзолари ёрдамида билишлари мумкин бўлган нарса мисолида улар кўра олмайдиган, улар идрокидан ташқарида бўлган бошқа нарсани баён қилишдир.

Қадимда араб подшолари ўзларига тегишли чорва молларини боқиш учун алоҳида яйловлар ажратиб қўйганлар ва у ерга бошқалар киришини тақиқлаганлар. Ўз-ўзидан маълумки, подшонинг тақиқидан қўрққан киши чорваларини унинг яйловига кириб қолишидан чўчиб, уларни узоқроқда ўтлатишни афзал кўради. Огоҳлантиришларга эътибор бермаган киши эса подшо яйловларига бемалол яқинлашиб, уларнинг шундай ён-верида молларини ўтлатиб юраверади ва охир-оқибат ўзи истамаган ҳолда моллари подшо яйловларига кириб қолади. Натижада у жазога тортилади.

Аллоҳ субҳонаҳунинг ҳам ерда шундай қўрғони бўлиб, у маъсиятлар ва тақиқланган ишлардан иборат. Шунинг учун, ким бирон маъсият ёки ҳаром иш қилиб қўйса, дунё ва Охиратда Аллоҳнинг жазосига учрайди. Ким шубҳали амалларни қилиб юриш билан бу қўрғонга яқинлашадиган бўлса, тез орада ҳаромга кириб қолиши ҳам мумкин.

5. Қалб салоҳияти

Юрак инсон жисмидаги энг муҳим аъзо бўлгани боис, жасаднинг саломат бўлиши кўп жиҳатдан унга боғлиқдир. Бунга тиббий жиҳатдан ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Инсоннинг тириклиги юрак билан боғлиқ. Модомики, юрак мунтазам равишда барча аъзоларга қон ҳайдаб турар экан, инсон соғ-саломат бўлади.

"Ақл аслида юракда бўлади, инсон миясидаги ақл ҳам аслида юракдаги ақлдандир" деган тушунчага шофеийлар айни ҳадисни далил келтирганлар. Бу сўзларига улар қуйидаги оятни ҳам ҳужжат қилганлар: "...Уларнинг қалблари ҳеч нарсани англамайди..." (Аъроф сураси, 179-оят).

Файласуф ва мутакаллим олимлардан ҳам шунга ўхшаш нақллар ривоят қилинган. Аммо Абу Ҳанифа мазҳабларига кўра ақл миядадир. Табиблар ҳам шундай дейишади. Бунга улар қачон инсон мияси ишдан чиқса, унинг ақлдан озишини ҳужжат қилиб келтирганлар. Тиббиёт ва анатомия илмидан ҳозиргача маълум бўлиб турган нарса шуки, бевосита фикрлаш манбаси мияда жойлашган. Негаки, барча сезги аъзолари миядан содир бўлаётган буйруқларга биноан ишлайди.

Лекин юрак барча аъзолар, жумладан мия ҳаёти учун ҳам бирдан-бир асл манба бўлиб қолаверади. Демак, ҳадис тананинг ҳам, фикрнинг ҳам салоҳиятли бўлишини қалбга боғлаган экан, уни ўша асл манбага боғлагандир. Юқоридаги оятда ақлнинг қалбда деб ишора қилинишига келсак, мия фикрлашнинг тўғридан-тўғри, яқин манбаси бўлиши билан бир қаторда, юрак ҳам унинг узоқроқда жойлашган манбасидир.

Ушбу ҳадисда қалбнинг маънавий салоҳияти назарда тутилган бўлиб, унинг маъноси киши кўнглининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билолмайдиган энг ичкари жойларидан бошлаб салоҳиятли бўлиши демакдир. Ибн Мулаққиннинг "Ал-Муийн ало тафаҳҳуми Арбаийн" китобида шундай ворид бўлган:

"Қалбнинг салоҳияти беш нарсададир:

1) Қуръонни тадаббур билан ўқиш;

2) Қоринни бўшроқ тутиш (овқатни кўп емаслик);

3) Тунда қоим бўлиб намоз ўқиш;

4) Саҳарда Аллоҳга дуо-тазарруъ қилиш;

5) Солиҳ кишилар суҳбатида бўлиш".

Мен шунга яна бир нарсани - ҳалол луқмани ҳам қўшган бўлардим. Менимча, ана шу нарса барча салоҳиятнинг аслидир. Таомни уруғ десак, амал унинг мевасидир. Агар таом ҳалолдан бўлса, у ҳалол ишлар тарзида мева беради, ҳаромдан бўлса, унинг меваси ҳам ҳаром ишлар бўлиб униб чиқади. Агар таом иштибоҳли бўлиб кирса, шубҳали ишлар тарзида униб чиқади.

Саломат қалб Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида нажот топиш аломати ҳамдир. "У шундай кунки, унда на мол-давлат ва на фарзанд-зурриётлар ёрдам берур. Магар Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади". (Шўро сураси, 88-89-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дуоларида шундай дер эдилар: "Парвардигоро, сендан саломат қалб беришингни сўрайман".

Имом Нававий айтадилар: "Қалбнинг саломат бўлиши - хиёнат, адоват, ҳасад, хасислик, бахиллик, кибр, ўзгалар устидан кулиш, риё, сумъа, макр, ҳирс, тамагирлик, тақдирдан норози бўлиш каби ички иллатлардан саломат бўлиш билангина ҳосил бўлади". Ибн Ражаб айтадилар: "Саломат қалб ҳамма офат ва ёмонликлардан соғ бўлган қалб деганидир. Бу эса Аллоҳга муҳаббат билан тўлган, Унинг Ўзидан ҳам, Ундан узоқлаштирадиган ҳар қандай амалдан ҳам қўрқишдан бошқа нарса қолмаган қалб демакдир". Ҳасан Басрий бир кишига айтдилар: "Қалбингни даволагин. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларидан талаб қилган нарсаси улар қалбларининг саломат бўлишидир".

Қалбнинг фаолияти ўнгланса, қолган аъзолар фаолияти ҳам ўнгланади. Агар қалб солиҳ бўлиб, унда Аллоҳ суйган ишлардан бошқа нарсанинг муҳаббати қолмаса, қолган аъзолар ҳам Аллоҳ таоло ирода этгандан бўлак ишларга ҳаракат қилмайди, Унинг ризосигагина интилади, У ёмон кўрган нарсалардан тийилади. Ҳатто банда Аллоҳ таолонинг бир нарсани ёмон кўришини аниқ билмаса ҳам, У ёмон кўрган ишлар жумласидан бўлиб қолиш эҳтимолидан қўрқиб, ундан узоқлашади.

6. Бу ҳадис мўмин кишини ҳалолга, ҳаромдан узоқлашишга, шубҳали нарсаларни тарк қилишга, дини ва обрўсини пок сақлашга, одамларда ёмон гумон уйғотиши мумкин бўлган амаллардан ўзини йироқ тутишга ва гуноҳларга аралашиб қолмасликка ундайди.

7. Бу ҳадис маънавий қувватларни кучайтиришга, нафсни ичкаридан ислоҳ қилишга бўлган чақириқдир.

8. Бу ҳадис ҳаром ишларга олиб борадиган баҳоналарнинг олдини олишга ундайди.

Еттинчи ҳадис

Дин насиҳатдир

 

عَنْ أَبِي رُقَيَّةَ تَمِيمِ بْنِ أَوْسٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ". (رواه مسلم).

 

Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Дин бу насиҳатдир.

- Ким учун? - деб сўрадик биз.

- Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).

 

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озгина сўзлар билан кўп ва хўб маъноларни ифодалаш мўъжизалари – “жавомеул-калим”дан бир намунадир. Исломда асос бўлган масалалар ҳам, улардан келиб чиқадиган масалалар ҳам, мана шу ҳадис остига, аниқроғи ундаги биргина: "Унинг китобига", деган сўз остига дохил бўлади. Чунки, Аллоҳнинг китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этгандир. Шундай экан, ким "Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш" деган сўз маъносига мувофиқ тарзда унга иймон келтирса ва амал қилса, шариатнинг ҳаммасини жамлаган бўлади. "Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик". (Анъом сураси, 38-оят).

Шунинг учун уламолар Исломнинг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтганлар.

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Аллоҳга насиҳат

Аллоҳга насиҳат қилиш Унга иймон келтириш, Ундан ҳар қандай шерикни инкор этиш, Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади.

Мўмин кишининг юқорида келтириб ўтилган нарсаларга сўзда ва амалда риоя қилиб юриши дунё ва Охиратда фақат унинг ўзига фойда келтиради. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша беҳожатдир.

2. Аллоҳнинг китобига насиҳат

Бу насиҳат Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган барча самовий китобларга иймон келтириш, Қуръони каримнинг ана шу китоблар сўнггиси экани ва улар устидан гувоҳ қилиб юборилганига иймон келтириш, у Аллоҳ таолонинг мўъжизавий каломи эканига ҳамда қуйидаги оятда кафолат берганидек, уни мўминлар қалбида ва китоблар сатрида ўзгаришсиз сақлашига иймон келтириш билан ҳосил бўлади: "Албатта, бу эслатмани Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз". (Ҳижр сураси, 9-оят).

Мусулмон киши Қуръони каримга насиҳат қилиши қуйидагилар билан бўлади:

а) Уни кўп ўқимоғи ва ёд олишга интилмоғи керак. Чунки Қуръонни ўқиш мусулмоннинг илму маърифатини оширади, унинг қалбини поклайди, тақвосини зиёда қилади. Қуръон тиловати мусулмон кишининг номаи аъмолида ёзилажак улкан ҳасанотлар, Қиёмат куни уни интизорлик билан кутувчи шафоат ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръон ўқинглар. Зеро, у Қиёмат куни ўқиганлар учун шафоатчи бўлиб келади". (Муслим ривоятлари).

Қуръонни ёд олган қалблар Аллоҳ нури ила обод бўлади, у билан мусулмон киши дунёда ҳурмат ва шарафга эришади. Охиратда эса юксак бир даражага сазовор бўладики, у Аллоҳнинг оятлари ва сураларидан қанчалик кўп ёд олган бўлса, бу даража ҳам шунчалик юксалаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қиёмат куни Қуръон ўқиган кишига: "Ўқи ва юксалавер! Дунёда қандай қилиб дона-дона ўқиган бўлсанг, ана шундай ўқи! Мартабангнинг баландлиги сен ўқиган охирги оят тугаган жойда бўлади!" - дейилади". (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

б) Қуръони каримни чиройли овоз билан, дона-дона қилиб, тартил билан ўқиш. Бу нарса Қуръоннинг қалбларга чуқурроқ таъсир қилиши ва қулоқларга мунглироқ эшитилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръонни чиройли овоз билан ўқишга интилмаган киши биздан эмас!"

в) Унинг маънолари устида чуқур фикр юритиш ва мазмунини англашга интилиш даркор: "Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!" (Муҳаммад сураси, 24-оят).

г) Аллоҳнинг китобини ёд олишлари учун ёшларга Қуръони каримни ўргатиб, дарс бериш керак. Зеро, Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш бизни иззат ва шараф сари бошловчи омиллардан биридир. Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир".

д) Қуръонни чуқур фаҳмлаб амал қилиш. Чунки Қуръони каримни ўқиб, фаҳмламасликда ва фаҳмлаб, амал қилмасликда яхшилик йўқ. Биз Қуръон ўрганишнинг улкан самараларини фақат унинг оятларини тушуниш ва уларга тўлиқ амал қилиш билангина қўлга киритишимиз мумкин. Мусулмон кишининг билган нарсасига амал қилмаслиги жуда хунук ҳолатдир. "Эй мўминлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қиламиз деб айтурсизлар?! Сизларнинг ўзингиз қилмайдиган ишни гапиришингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (Саф сураси, 2-3-оятлар).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини тасдиқлаган, у зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат қилган бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аслида Расулуллоҳни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир: "Айтинг: "Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради..." (Оли-Имрон сураси, 31-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот топганларидан сўнг у кишига насиҳат қилиш учун мусулмонлар қуйидагиларни қилишлари лозим:

· Рас


Поделиться с друзьями:

Механическое удерживание земляных масс: Механическое удерживание земляных масс на склоне обеспечивают контрфорсными сооружениями различных конструкций...

Кормораздатчик мобильный электрифицированный: схема и процесс работы устройства...

Состав сооружений: решетки и песколовки: Решетки – это первое устройство в схеме очистных сооружений. Они представляют...

История развития хранилищ для нефти: Первые склады нефти появились в XVII веке. Они представляли собой землянные ямы-амбара глубиной 4…5 м...



© cyberpedia.su 2017-2024 - Не является автором материалов. Исключительное право сохранено за автором текста.
Если вы не хотите, чтобы данный материал был у нас на сайте, перейдите по ссылке: Нарушение авторских прав. Мы поможем в написании вашей работы!

0.118 с.