Ислом рукнлари ва буюк асослари — КиберПедия 

Опора деревянной одностоечной и способы укрепление угловых опор: Опоры ВЛ - конструкции, предназначен­ные для поддерживания проводов на необходимой высоте над землей, водой...

История развития пистолетов-пулеметов: Предпосылкой для возникновения пистолетов-пулеметов послужила давняя тенденция тяготения винтовок...

Ислом рукнлари ва буюк асослари

2017-11-27 397
Ислом рукнлари ва буюк асослари 0.00 из 5.00 0 оценок
Заказать работу

 

عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: سمَِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "بُنيَ الإِسْلاَمُ عَلى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لا إلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقاَمِ الصَّلاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ الْبَيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضاَن"َ. (رواه البخاري ومسلم).

 

Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ислом беш нарса устига барпо қилингандир:

Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни адо этиш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон ойида рўза тутиш". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Исломнинг асосий қоидаларидан бири саналган, дин аҳкомларининг кўпини ўзида жамлаган ушбу ҳадис мўминларга Ислом динини ва унинг асосларини танитади. Дин арконлари тартибини баён қилиб беради.

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Исломнинг мустаҳкам пойдеворлар устига қурилган бинога ўхшатилиши ва диннинг барқарорлиги ушбу пойдеворларнинг пухталигига боғлиқ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Исломни қабул қилиш билан инсон куфр доирасидан чиқади ва шу билан жаннатга киришга ва дўзахдан сақланишга сазовор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисда ана шу динни мустаҳкам ва ўзгармас пойдеворлар устига қурилган пишиқ-пухта иморатга ўхшатдилар, ҳамда бу пойдеворлар нималар эканлигини бирма-бир баён қилиб бердилар:

а) "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Расулидир", деб гувоҳлик бериш

Бу шаҳодатнинг маъноси Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига иқрор бўлиб, Уни тан олмоқ ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг пайғамбари ва элчиси эканликларини тасдиқ этмоқдир. Бу рукн Исломнинг қолган рукнларига нисбатан асос кабидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мен одамлар токи "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг Расулидир" деб гувоҳлик бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим". (Бухорий ва Муслим ривоятлари); "Ким ихлос билан "Л а ил а ҳа иллаллоҳ" (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) деган бўлса, жаннатга киради". (Баззор ривоятлари).

б) Намозни барпо қилиш

Яъни намозни доим ўз вақтида, шартлари ва рукнларини мукаммал бажарган, ҳамда суннат ва одобларига тўла риоя этган ҳолда адо этишга интилиш. Чунки, ана шунда мусулмон кишининг ўқиган намози ўз самарасини беради. Натижада у фаҳш ва мункар ишларни тарк қилади. "... Ва намозни тўкис адо этинг. Албатта намоз фаҳш (бузуқлик) ва мункардан тўсур". (Анкабут сураси, 45-оят).

Намоз мусулмоннинг шиори, аломатидир. Зеро, айнан намоз билан мўмин киши бошқалардан ажралиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Киши билан ширк ва куфр ўртасида намозни тарк қилиш фарқи бор, холос". (Муслим ва бошқалар ривоятлари); "Намоз диннинг устунидир". (Абу Нуайм ривоятлари).

в) Закотни адо этиш

Мусулмон кишининг моли нисобга[1] етса ва шу миқдордан бир йил давомида камаймаган бўлса, унинг қирқдан бирини закот учун ажратади ва у Қуръони каримда зикр қилинган саккиз тоифага берилади.

Закот олишга ҳақли бўлган саккиз тоифа қуйидагилар:

1) Камбағаллар (моли нисобга етмаганлар);

2) Мискинлар (фақат кундалик озиқ-овқатга етарли маблағи бўлган қашшоқлар);

3) Закотни йиғишга, сақлашга ва тарқатиш ишига жалб қилинганлар;

4) Қалбини Исломга ошно қилинаётган иймони заиф мусулмонлар ёки кофирлар;

5) Озодликка интилаётган қуллар;

6) Қарздорлар;

7) Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар;

8) Ватанига қайтиб кетиш учун маблағ топа олмаётган мусофирлар.

Аллоҳ таоло мўминлар васфида айтади: "Улар закотни адо қилгувчи кишилардир." (Мўминун сураси, 4-оят); "Улар - мол-мулкларида тиланчилар ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ бўлган зотлардир". (Маориж сураси, 24-25-оятлар).

Закот молиявий ибодатдир. Унинг ёрдами билан жамиятда ижтимоий адолат вужудга келади, камбағаллик ва ночорлик муаммолари ўзининг тўғри ечимини топади, мусулмонлар ўртасида ўзаро муҳаббат, ҳамдардлик, ҳурмат туйғулари пайдо бўлади.

г) Ҳаж

Ҳаж ойлари саналмиш Шаввол, Зулқаъда ойларида ва Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Масжидул-ҳаром ва Арафот тоғига бориб, у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган бир неча махсус ибодатларни бажариш ҳаж дейилади. Ҳаж хусусан олганда ҳар бир мусулмон учун, умуман эса бутун мусулмон жамияти учун кўп фойдалар келтирадиган молиявий ва баданий ибодатдир. Бундан ташқари, у ўзига хос улкан исломий анжуман бўлиб, турли ўлкаларда истиқомат қилувчи мусулмонларнинг учрашиб, кўришишлари учун қулай фурсатдир. "Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чақиргин, улар сенинг даъватингга жавобан пиёда ҳолларида ва йироқ йўллардан келаётган ориқ, ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзларининг диний-дунёвий манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум қурбонлик кунларида Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва молларини (қурбонлик қилиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам енглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар". (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).

Шу айтилганларга кўра ҳажнинг ажр-савоби жуда каттадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Мабрур (мақбул) ҳаж учун жаннатдан ўзга савоб йўқдир".

Ҳаж ибодати ҳижратнинг олтинчи йилида қуйидаги оят ҳукми билан фарз қилинган: "Йўлга қодир бўлган кишиларга Аллоҳ учун мана шу уйни (Байтуллоҳни) ҳаж қилиш фарздир". (Оли Имрон сураси, 97-оят).

д) Рамазон ойида рўза тутиш

Рўза ҳижратнинг иккинчи йилида қуйидаги оят билан фарз қилинди: "Бу Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса (яъни сафарда бўлмаса), рўза тутсин". (Бақара сураси, 185-оят).

Рўза киши қалбининг покланишига, унинг руҳий юксалишига ва жисмоний соғлом бўлишига сабаб бўладиган ибодатдир. Бундан ташқари, ким Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Унинг розилигини истаб рўза тутса, гуноҳлари ювилиб, жаннатга киришига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ким Рамазон ойида иймон билан ва ажр умидида рўза тутса, унинг барча аввалги гуноҳлари мағфират этилади". (Бухорий ривоятлари).

2. Ислом арконларининг бир-бирига боғлиқлиги

Шу арконларнинг барчасига амал қилган киши комил иймонли мусулмондир. Барчасини тарк қилган кимса қатъий равишда кофирдир. Шунингдек, Ислом арконларидан биронтасини инкор этган кишининг ҳам кофир эканлигига уламолар ижмо қилганлар.

Аммо барча арконларни ҳақ деб эътиқод қилиб, бирортасига эътиборсизлик қилган кимса фосиқдир. Албатта биринчи рукн бундан мустасно. Чунки калимаи шаҳодатга эътиборсиз бўлган киши кофир дейилади.

Ким бу амалларни тили билан тасдиқлаб, аъзолари билан адо этсаю лекин буни ҳақ деб эътиқод қилгани учун эмас, балки мусулмонларга хушомадгўйлик учун қилса, уни мунофиқ дейилади.

3. Ибодатларни қилишдан мақсад

Исломда ибодатларни қилишдан мақсад уларнинг қуруқ суратлари ва шаклларини юзага чиқариш эмас, балки улардан кўзланган ҳикмат ва маъноларни рўёбга чиқариш ҳамдир. Шунинг учун мўмин кишини ўқиган намози фаҳш ва мункар ишлардан қайтармас экан, унинг учун ўқиган намозидан ҳеч қандай манфаат йўқ. Худди шунингдек рўзаси давомида ёлғон гапиришни тарк қилмаган киши учун тутган рўзаси бефойдадир. Риё учун (хўжакўрсинга), “сумъа” учун (одамлар эшитсинга) бажарилган ҳажнинг ва шу мақсадда берилган закотнинг қабул қилинмаслиги ҳам шунга ўхшайди.

Лекин, бу гапнинг маъноси мусулмон киши агар бирон ибодатдан кўзланган мақсадни аниқ ҳосил қилишга кўзи етмаётган бўлса, ўша ибодатни тарк қилса ҳам бўлаверади дегани эмас, албатта. Балки мусулмон киши барча ибодатларини ихлос билан бажаришга интилсин ва шу ибодатларидан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга ҳаракат қилсин.

4. Ҳадисда иймон шохобчаларининг айримлари санаб ўтилган

Мазкур амаллар аҳамияти эътибори билан юқори тургани учун алоҳида санаб ўтилди. Ҳолбуки булардан бошқа иймон шохчалари ҳам кўпдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборатдир". (Муттафақун алайҳ).

5. Ислом ақида ва амалдан иборат яхлит нарсадир

Ислом кишидан ҳеч қандай амал талаб қилмайдиган қуруқ ақидалар мажмуаси ёки ҳеч қандай ақидаларга ишонмаган ҳолда кўр-кўрона бажарилаверадиган амаллар йиғиндиси ҳам эмас.

Негаки, Исломнинг биринчи рукни динда саҳиҳ ақида зарурлигига далолат қилса, қолган тўрт рукни Исломда албатта амаллар ҳам бўлмоғи шартлигига ишорадир. Шунинг учун эътиқодсиз қилинган амалларнинг фойдаси йўқ ва ўз навбатида амалсиз қуруқ эътиқод ҳам бўлиши мумкин эмас.

Тўртинчи ҳадис

Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси

 

عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَثَّنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: " إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ في بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً، ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يُرْسَلُ إِلَيْهِ الْمَلَكُ، فَيَنْفُخُ فِيهِ الرُّوحَ، وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ: بِكَتْبِ رِزْقِهِ، وَأَجَلِهِ، وَعَمَلِهِ، وَشَقِيٌّ أَوْْ سَعِيدٌ، فَوَاللهِ الَّذِي لا إلهَ غَيْرُهُ إِنَّ أَحَدَكُمْ ليَعْمَلُ بِعَمَلِ اهْلِ الْجَنَّةِ حَتَى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا. وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا". (رواه البخاري ومسلم).

 

Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Бизга барча ишлари ва сўзлари ҳаққу рост бўлган ва Аллоҳ тарафидан ҳақ ваъда олишга мушарраф бўлган зот - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисни айтганлар: "Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув ("нутфа") ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон ("алақа") ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт ("музға") ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани - ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади.

Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти етиб, у дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади. Сизларнинг яна бировингиз дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув ғолиб келиб, у инсон жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Бу улуғ ҳадис инсоннинг яратилиш чоғидан ва дунё ҳаётига қадам қўйишидан бошлаб то саодат олами бўлмиш жаннатга ёки шақоват олами бўлмиш дўзахга абадий кириб кетадиган вақти етиб келгунга қадар бўлган барча ҳолатларини ўз ичига олган. Ҳадисда инсоннинг Охиратда жаннат ёки дўзахга кириши унинг дунё ҳаётида касб қилган амалларига биноан содир бўлиши ва инсоннинг қандай амаллар қилишини эса Аллоҳ таоло азалда билиб, тақдир қилгани ва шунга биноан ҳукм чиқаргани ҳам баён қилинади.

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Она қорнида боланинг ривожланиш босқичлари

Ушбу ҳадис фарзанднинг она қорнида ҳар бири қирқ кундан иборат уч босқични бошдан ўтказишига далолат қилади. Шундай қилиб, ҳомила биринчи қирқ кунликда "нутфа", иккинчисида "алақа", учинчисида "музға" ҳолида бўлади. Бир юз йигирма кун ўтгач, фаришта унга жон пуфлайди ва ҳадисда зикр қилинган тўрт нарсани ёзиб қўяди. "Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, (у ҳолда ўзингизнинг қандай яралганингизга бир назар солинг) Биз сизни тупроқдан, сўнгра "нутфа"дан, сўнгра "алақа", сўнгра эса "музға"дан яратдик..." [2] (Ҳаж сураси, 5-оят); "Дарҳақиқат, биз инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда бир томчи сув ҳолида ўрнаштирдик. Сўнг бу сувдан лахта қонни яратдик, лахта қондан парча гўштни яратдик, парча гўштдан суякларни халқ қилиб, бу суякка гўшт қопладик. Сўнгра уни (жонсиз моддадан фарқли) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ баракотли - муқаддасдир". [3] (Мўминун сураси, 12-13-оятлар).

Ҳадисдаги мазкур тўрт босқичдан ташқари, оятда Аллоҳ таоло яна уч босқични зикр қилди. Шундай қилиб, босқичлар еттига етди. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу "Одам фарзанди етти босқичда яратилди" деб, сўнггидан шу оятни тиловат қилар эдилар.

Аллоҳ таоло инсонни бир лаҳзада комил яратиб қўйишга қодир бўла туриб, айнан шу тартиб билан, бир ҳолдан бошқасига аста-секинлик билан ўтказиб яратди. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таолонинг бепоён коиноти қандай қилиб сабаб-омиллар ва шу омилларни келтириб чиқарувчи кучлар воситасида ва яна ҳар қандай ишдан олдин муҳайё этилиши лозим бўлган муқаддималар ва уларнинг натижалари ўлароқ яратилган бўлса, инсоннинг яратилиш жараёни ҳам шу низомга мос тушиши, тўғри келиши керак эди. Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилиш учун ҳам шу услуб гўзалроқ ва ўринлироқдир.

Бундан ташқари, бу тадрижийлик бандаларнинг ўз ишларида оғир-вазмин бўлишлари ва шошқалоқликдан йироқ бўлишлари учун Аллоҳ таоло берган ўзига хос таълим-тарбия ҳамдир. Инсон зоҳирий камолотга етгунга қадар яратилиш чоғида ҳам, ундан кейин ҳам бир қанча босқичларни босиб ўтади. Шундай экан, унинг маънавий камолоти ҳам айни шу тадрижий услуб билан вужудга келади. Мазкур ҳадис шунга ишора қилади. Киши ўзининг юриш-туришида ҳам шу услубни қўллаши лозим. Акс ҳолда у пала-партишлик билан иш тутган бўлади ва мақсадга етиши қийинлашади.

2. Жон (руҳ) пуфланиши

Уламолар эр-хотин қўшилишидан кейин бир юз йигирма кун ўтгач, яъни тўрт ой ўтиб бешинчи ойга киргач, она қорнидаги болага руҳ пуфланиши, яъни, жон киргизилиши муқаррар эканига иттифоқ қилганлар. Бу кузатув ёрдамида қўлга киритиш мумкин бўлган илмий ҳақиқат бўлиб, фарзанднинг отаси ким эканлигини аниқлаш ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча аҳкомларда шу муддатга суянилади. Ҳомилага жон пуфлангани она бачадонида унинг қимирлаб ҳаракатланиши билан аниқланади. Эри вафот этган аёлнинг идда сақлаш муддати тўрт ою ўн кун этиб белгиланишидаги ҳикмат ҳам ана шундадир. Чунки айни шунча муддат ўтиши билангина аёл қорнида ҳомила аломатлари бор-йўқлиги аниқ билинади.

Руҳ фақат ўша билангина инсон тирик бўла оладиган, Аллоҳ таолонинг амридан бўлган, моҳияти фақат Унинг ўзигагина маълум бўлган нарсадир. " (Эй Муҳаммад), Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Руҳ ёлғиз Раббим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир". (Исро сураси, 85-оят).

Имом Нававийнинг "Саҳиҳи Муслим"га ёзган шарҳларидан: "Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ, латиф жисмдир."

Имом Ғаззолий эса "Иҳёи улумид-дин" китобида ёзадилар: "Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир". [4]

3. Болани олдириб ташлаш ҳаромдир

Болага жон пуфланганидан сўнг уни олдириб ташлаш, яъни ҳомиланинг она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлашнинг ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар. Улар бу ишни хилқати тўла-тўкис яратиб бўлинган ва тириклиги кўриниб турган жонзотга қарши қилинган жиноят бўлганлиги учун мусулмон кишига ҳаром деб эътибор қилганлар. Бола олиб ташланаётган вақтда она қорнидан тирик ҳолда тушиб, кейин ўлган бўлса, товон тўланади, агар ўзи ўлик ҳолда тушган бўлса, ундан бироз камроқ молиявий жарима солинади.

Жон киритилмасидан аввал болани олдириб ташлаш ҳам ҳаромдир. Кўпчилик фуқаҳолар шу мазҳабдадирлар. Бунга далил бачадонда нутфа ўрнашиши биланоқ яратилиш жараёни бошланишига ишора қиладиган саҳиҳ ҳадислардир. Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Нутфа (бачадонда ўрнашганидан сўнг) қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ таоло бир фариштани юборади. Бас, у фаришта унга шакл-сурат беради, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади". (Муслим ривоятлари).

Ибн Ражаб Ҳанбалий "Жомеул-улум вал-ҳикам" китобида айтадилар: "Бир гуруҳ фуқаҳолар аёл кишига қорнидаги болани олиб ташлашга, агар унга ҳали жон пуфланмаган бўлса, рухсат берганлар ва уни азл (эрлик уруғини аёлнинг авратидан ташқарига ташлаш) ҳукмида бўлади деб айтганлар. Лекин бу заиф қавлдир. Чунки бу ҳолда бола яратилиш жараёнига кириб бўлган ва эҳтимол бирон суратга эга бўлишга ҳам улгурган бўлади. Азлда эса, бола ҳали мутлақо вужудга келмаган бўлади. Лекин гоҳида, агар Аллоҳ таоло фарзандни яратишни ирода қилган бўлса, бу азл ҳам унинг вужудга келишини тўса олмайди".

Имом Ғаззолий "Иҳёи улумид-дин" китобида айтадилар: "Азл - фарзандни олиб ташлаш ёки тириклайин кўмиш каби эмас. Чунки ҳомилани олиб ташлаш вужудга келган жонга нисбатан қилинган жиноятдир. Вужудга келишнинг бир неча босқичлари бордир. Унинг биринчи босқичи «нутфа» бачадонга тушиб, аёлнинг суви билан аралашиши ва ҳаётни қабул қилишга тайёр бўлиб туриши бўлиб, бу ҳолатни бузиш жиноятдир. Агар «нутфа» лахта қон ҳолига келиб қолган бўлса, буни бузишнинг жинояти янада хунуклашади. Энди, унга жон пуфланиб, хилқати тўла-тўкис яратилиб бўлган бўлса, жиноят бундан ҳам баттар бўлади. Жиноятнинг энг хунуги эса алоҳида тирик жон бўлиб ажралганидан кейингисидир".

4. Аллоҳ таолонинг илми

Аллоҳ таоло халқларнинг барча аҳволларини уларни яратмасдан аввалданоқ билади. Бандалар тарафидан иймон ёки тоат, куфр ёки маъсият содир бўлса, шуни Аллоҳ таоло аввалдан билган ва шундай бўлишини ирода қилгандир. Аллоҳ таоло тақдирни қадимдаёқ битиб қўйгани ҳақида сўз юритувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Туғилиб дунёга келган қандайин жон бўлмасин, унинг жаннатда ёки дўзахда бўладиган ўрнини Аллоҳ таоло албатта тақдирда битиб қўйган бўлади ва унинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини ҳам албатта ёзиб қўйган бўлади.

Шунда бир киши:

- Ё Расулаллоҳ! Ундай бўлса, амални тарк қилиб, тақдирга таяниб, таслим бўлиб ўтираверсак бўлмайдими? - деб сўради.

- Сизлар амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади, - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар: "Бас, кимки (закот ва садақаларни) берса ва тақво қилса ҳамда гўзал калима-тавҳидни тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Кимки бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал калимани ёлғон деса, Биз уни оғир йўлга "муяссар" қилурмиз!" (Лайл сураси, 5-10-оятлар). (Бухорий ривоятлари).

5. Тақдирни ҳужжат қилиш

Аллоҳ таоло бизни Ўзига иймон келтириб, Унга итоат этишга буюрди ҳамда Унга куфр келтириб, маъсият қилишдан қайтарди. Бизнинг зиммамизга юклатилган нарса шундан иборатдир. Аммо бизнинг фойдамиз ёхуд зиёнимизга тақдир этиб, битиб қўйилган нарсаларга келсак, бу биз учун номаълум бўлиб, биз уни суриштиришдан масъул эмасмиз. Бас шундай экан залолат, куфр ёки фисққа гирифтор бўлган киши ўз қилмишларини Аллоҳ таоло "унинг пешонасига ёзиб қўйгани ва шундай бўлишини Унинг ўзи хоҳлаганини" баҳона қилиши нолойиқдир. "Айтинг: " (Хоҳлаган) амални қилинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турадилар..." (Тавба сураси, 105-оят).

Бироқ, тақдир этилган мусибат амалда содир бўлиб ўтганидан сўнг тасалли учун тақдирни ҳужжат қилишга рухсат этилади. Чунки мўмин киши Аллоҳ таолонинг қазо-қадарига таслим бўлиб, бўйсуниши билан хотиржамлик топади. Зеро, Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар қандай фойда ёки зиён аслида мўминнинг фойдасига ишлайди.

6. Амаллар хотимасига қараб белгиланади

Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Амаллар фақат хотимасига қараб белгиланади". (Бухорий ривоятлари).

Яъни бир кишининг ҳаёти охирида иймонли ва тоат-ибодатли бўлиши тақдир этилган бўлса, ҳаётида маълум муддат кофир ёки осий бўлиб юрса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иймон ва тоат-ибодат учун тавфиқ беради ва ўша аҳволда жон бериб, жаннатга киради.

Яна бир киши эса умрининг охирида кофир ёки фосиқ бўлиб қолиши тақдир этилган бўлса, ҳаётининг маълум қисмини иймонда ва тоат-ибодатда кечирса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда, шу банданинг ўз иродаси ва касб қилган амали туфайли Аллоҳ таол уни ёрдамсиз қўяди-да, банда куфр калимасини айтиб қўяди ёки дўзах аҳли амалларидан бирини қилиб жон беради ва дўзахга киради.

Шунинг учун инсон зоҳирда иймон ва тоат-ибодатда бўлиб кўринаётганидан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, инсоннинг зоҳирда кофир ёки осий-фосиқ бўлиб кўринаётганидан умидсизланиш ҳам яхши эмас. Чунки хулоса ҳамма нарсанинг охирги натижасига қараб чиқарилади.

Демак, Аллоҳ таолодан бизни ҳақ йўлда собит қилишини ва ҳаётимизга гўзал хотима ясашини сўраб дуо қилмоғимиз лозим.

7. "Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!"

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Барча одам фарзандларининг қалблари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди битта қалб мисоли кабидир, уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр". Кейин эса дуо қилдилар: “Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, қалбларимизни ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!” (Муслим ривоятлари).

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Ҳаётнинг ёмон хотима билан якунланиши кишининг ичида одамларга кўринмайдиган, ташқаридан билинмайдиган бир махфий иллат борлиги туфайли бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай бўлишидан асрасин! Шунингдек, киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юрса-да, ичида махфий бир яхши хислати бор бўлиши ва ҳаётининг охирида ана шу хислати унга ғолиб келиб, гўзал хотима билан вафот этиши мумкин".

Абдулазиз ибн Довуд айтадилар: “Ўлим тўшагида ётган бир кишининг ҳузурига бордим. Унга калимаи шаҳодатни талқин қилишаётган эди. Шунда ҳалиги киши бу калимага ишонмаслигини айтди. Ўша киши ҳақида сўраб-суриштирсам, ароққа муккасидан кетган экан”. Шунинг учун Абдулазиз ибн Довуд: “Гуноҳлардан сақланинглар, ўша кишини дўзахга қулатган нарса ҳам худди шу нарса бўлди”, - деб айтардилар.

Бешинчи ҳадис


Поделиться с друзьями:

Адаптации растений и животных к жизни в горах: Большое значение для жизни организмов в горах имеют степень расчленения, крутизна и экспозиционные различия склонов...

Своеобразие русской архитектуры: Основной материал – дерево – быстрота постройки, но недолговечность и необходимость деления...

История развития хранилищ для нефти: Первые склады нефти появились в XVII веке. Они представляли собой землянные ямы-амбара глубиной 4…5 м...

Поперечные профили набережных и береговой полосы: На городских территориях берегоукрепление проектируют с учетом технических и экономических требований, но особое значение придают эстетическим...



© cyberpedia.su 2017-2024 - Не является автором материалов. Исключительное право сохранено за автором текста.
Если вы не хотите, чтобы данный материал был у нас на сайте, перейдите по ссылке: Нарушение авторских прав. Мы поможем в написании вашей работы!

0.06 с.