Таъсирли мавъизанинг сифатлари — КиберПедия 

Состав сооружений: решетки и песколовки: Решетки – это первое устройство в схеме очистных сооружений. Они представляют...

Наброски и зарисовки растений, плодов, цветов: Освоить конструктивное построение структуры дерева через зарисовки отдельных деревьев, группы деревьев...

Таъсирли мавъизанинг сифатлари

2017-11-27 204
Таъсирли мавъизанинг сифатлари 0.00 из 5.00 0 оценок
Заказать работу

Мавъиза оқибатни ёдга солувчи эслатма ва насиҳатдир. Унинг қалбларга етиб бориб, нафсларда ўз таъсирини ўтказиши учун қуйидаги шартлар талаб қилинади:

а) Мавзунинг танланиши

Мавъиза пайтида фақат шаръий ҳукм ва ҳудудлар баёни билан чекланиб қолмасдан, эшитувчиларнинг дину дунёларига тааллуқли бўлган масалалардан сўз очмоқ, уларни ғафлат уйқусидан уйғотмоқ лозим. Одамлар учун зарур бўлган, кундалик ҳаётда учрайдиган мавзуларни танлаб, уларни ҳикмат тили билан пухта баён қилиш керак. Шубҳасиз, аксарият мусулмонларнинг жумъа ва ҳайит хутбалари билан кифояланишлари уларнинг дин моҳияти, азизлик руҳи, нафсга карши кураш каби муҳим нуқталарга лоқайд бўлиб қолишларига кучли таъсир кўрсатган. Негаки, жумъа ва ҳайит хутбалари тингловчиларни ҳаракатга келтирувчи очиқ даъват эмас, мажбурий вазифага айланиб қолган. Минбарларда ўқиладиган қадимий хутба саҳифалари беихтиёр ғафлат уйқусидаги мусулмонларга аллалагандек таъсир қилмоқда ва натижада Ислом дастури билан кундалик ҳаёт, маиший муаммолар ўртасига қалин парда тортилмоқда.

Хайрли натижаларга эришмоқчи бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишимиз лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча расмий хутбалардан бошқа пайтларда ҳам асҳобларига панд-насиҳат берардилар. Мазкур таъсирли мавъизалар Аллоҳ таолонинг мана бу амрининг амалдаги кўриниши эди: “Парвардигорингизнинг йўлига ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).

б) Мавъизада оммага етиб борадиган, тушунарли сўзларни ишлатинг

Кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб бориб, қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб, панд-насиҳат қилиш лозим. “Уларга панд-насиҳат қилиб, ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!” (Нисо сураси, 63-оят). Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар қилган ривоятда шундай дейилган: ” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга етук панд-насиҳат қилдилар”.

в) Мавъизани чўзиб юбормаслик

Узоқ давом этган панд-насиҳат эшитувчиларни малоллантириб, зериктириб қўяди ва натижада мавъиза кутилгандек таъсир кўрсатмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутба ва мавъизалари ҳамиша қисқа, лўнда бўларди. Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқирдим. У Зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ҳам ихчам бўларди”. (Муслим ривоятлари). “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумъа куни мавъизани чўзиб юбормас эдилар. У Зотнинг мавъизалари бир неча енгил калималардан ташкил топарди”. (Абу Довуд ривоятлари).

г) Панд-насиҳат учун муносиб фурсат ва мувофиқ вақт танланмоғи лозим

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма вақт панд-насиҳат қилавермаганлар. Пайғамбаримиз вақти-вақти билан ваъз айтганлар. Абу Воилдан ривоят: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни зикр-мавъиза қилардилар. Бир киши уларга шундай деди:

- Эй Абу Абдураҳмон! Биз сизнинг суҳбатингизни яхши кўрамиз ва соғинамиз. Истардикки, сиз ҳар куни бизга ҳадис айтсангиз.

- Мен сизларни малоллантириб қўймай, деб ҳар куни мавъиза айтмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни зериктириб-сиқиб қўйишни истамаганлари боис, аҳён-аҳёнда мавъиза қилардилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

2. Ҳақиқий воизнинг сифатлари

Ғафлат уйқусига ботган нафсларни ва мудроқ қалбларни ҳаракатга келтирмоқ учун айтилаётган ваъз қуйидаги сифатларга эга бўлган шахс томонидан жаранглаши керак:

а) Воиз ўзи айтаётган сўзларга ишониши, улардан таъсирланиши ва мавъизанинг тингловчилар қалбига етиб бориб, уларни қаноатлантириши учун куйиб-ёниши шарт.

Бу унинг юз ифодалари, хатти-ҳаракатлари ва гап оҳангларида яққол сезилиб турсин. Ушбу воситалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавъиза қилаётган чоғларида ўзгариб кетардилар. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилсалар ва Қиёматни зикр этсалар, дарғазаб бўлиб, овозлари кўтарилиб кетарди. Кўзлари қизарарди. Бамисоли “Эртаю кеч сергак туринг!” деб қўшинни огоҳ қилаётган огоҳлантирувчига ўхшаб қолардилар”.

б)Воизнинг қалби турли иллатлардан покиза бўлса, унинг ростгўй юрагидан чиқаётган сўзлар тингловчилар кўнглини забт этади.

Қалби ва нафси соғлом бўлмаган воизнинг гаплари одамларнинг бу қулоқларидан кириб, у қулоқларидан чиқиб кетади. Ҳасан Басрий Басра масжидида йиғилганларга ваъз ўқиётган одамнинг сўзларини эшитиб, сира таъсирланмадилар. Одамлар тарқалганидан сўнг улуғ тобеин ҳалиги воизга қараб шундай деган эканлар:

- Эй (воиз), ё сенинг қалбингда касаллик бор ёки менинг қалбимда!

в) Мавъиза қилувчи кишининг сўзи билан иши бир бўлиши керак.

Чунки унинг панд-насиҳатларини тинглаб, фасоҳату балоғатига таҳсин ўқиганлар энди қилаётган амалларини кузата бошлайдилар. Агар воизнинг сўзи билан иши бир бўлса, унга эргашадилар. Аммо воизнинг ўз сўзларига амал қилмаслигини ёки мутлақо тескари ҳаёт кечиришини сезиб қолсалар, уни маломат қилиб буткул юз ўгирадилар.

Айтадиларки, сўзи билан ваъз ўқиган кимса, каломини зое этибди. Амали билан ваъз қилган киши аниқ нишонга урибди. Сўзи ва иши бошқа-бошқа бўлган кимсаларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти етарли танбеҳ эмасми: “Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар. Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир”. (Саф сураси, 2-3-оятлар).

3. Саҳобаи киромлар фазилати. Улар қалбининг мусаффолиги

Мавъиза қилинаётган пайтда саҳобалар қалбини қоплаган қўрқув ва кўзларидаги ёшлар уларнинг фазилати, салоҳияти ва иймон мартабасию нажот мартабасида олий мақомлар эгаси эканликларини кўрсатади. Рушду ҳидоятнинг йўлчи юлдузлари деб эътироф этилмиш улуғ асҳоблар Пайғамбарлари ва муаллимлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, Азиз ва Олий Парвардигорлари томонидан ҳам мақтов эшитдилар: “Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз”. (Моида сураси, 83-оят).

Аллоҳ азза ва жалла китобида барча мўминлар шаънига қуйидаги мақтовлар айтилган: “Аллоҳ (номи) зикр қилинганда қалбларига қўрқинч тушадиган ва Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган кишиларгина (ҳақиқий) мўминлардир”. (Анфол сураси, 2-оят).

4. Тақвога чақириш

Шариат таклифларидан бўлмиш барча буйруқларни адо этмоқ ва жами қайтариқлардан нафсни покиза тутмоқ тақводир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига тақвони васият қилишлари бу сифатнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътиборларида улкан ўрин тутганини билдиради. Чунки тақвони маҳкам тутиш дунёю Охират саодатига етаклайди. Аллоҳ таоло аввалу охиргиларга уни тавсия этган. “Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик”. (Нисо сураси, 131-оят).

5. Итоатга чақириш

Мусулмон амирларнинг хайрли ишлардаги буйруқларига итоат этиш Қуръон ҳукми билан таъкидланган. “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган ҳокимларга бўйинсунингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).

Аслида Ислом амирига бўйсуниш Аллоҳ таолодан қўрқиш-тақво таркибига кирса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни алоҳида тилга олдилар. Ушбу таъкид масаланинг жуда эътиборли эканига далолат қилади. Мусулмонлар дунё саодати, бирдамлик, мустаҳкам тартиб-интизомга эришишлари ва Парвардигорларига ошкора тоат-ибодат қила олишлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларига амал қилишлари керак.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтганларидек, “ Одамларни фақат яхши ёки фожир раҳбаргина ислоҳ қила олади. Агар амир фожир бўлса, мўмин унинг хусусида Парвардигори амрига бўйсунади ва бу билан фожир раҳбарни ажалига олиб боради”. Бугунги итоатсизлик, бошбошдоқлик ва низо-тортишувларга мойиллик мусулмонларнинг заифлашиб қолишларига олиб келган омиллардандир. Бу ўз навбатида мусулмонлар орасида фитна оловини ёқди, кўп жанжалларни келтириб чиқарди, Ислом умматининг кучини қирқиб, мунофиқлик, бидъат ва гуноҳ-маъсиятлар гулханига мой сепди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларга бир қул амир бўлса ҳам...», дедилар. Имом Бухорий ривоятларида эса: «Агар устингизга боши майиздек (қоп-қора) ҳабаш қул амир этиб тайинланса ҳам қулоқ солинглар, итоат этинглар!» дедилар.

Уламолар буни икки хил маънода тушунганлар:

· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакда мусулмонлар аҳволи ёмонлашиб, шариат аҳкомлари татбиғига халал етиши хусусида хабар беряптилар. Натижада раҳбарликка нолойиқ кимсалар уммат бошчиларига айланади. Ўшанда икки зарарнинг енгилроғи танланиб, нолойиқ амирга итоат қилинади. Чунки раҳбар бўлишга нолойиқ саналган қулнинг ҳукмига сабр этмоқ жамиятда фитна-фасод тарқалишидан енгилроқдир.

· Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги сўзни зарбулмасал тариқасида айтяптилар. Яъни бу бир мисол, холос. Зотан, қулнинг ҳокимлик қилиши ҳеч қаерда дуруст дейилмаган. Шу жиҳатдан қуйидаги ривоят ушбу ҳадисга ўхшаб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Кимки Аллоҳ таоло учун хатто каклик иничалик масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда уй бино қилади”. Албатта қуш иничалик жой ҳеч қачон масжид бўлолмайди.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари ва хулафои рошидинлар суннатига эргашмоқ

Суннат бу юриладиган йўлдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг тўғри йўлдаги халифалари тутган эътиқод, қилган амал ва айтган сўзларини маҳкам ушлаш мазкур суннатга амал қилиш ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулафои рошидинларнинг Китобу Суннатдан хулоса чиқариб қилган ишлари тойилишдан йироқ бўлишини билганлари боис, юқоридаги сўзларни айтдилар.

Мусулмонлар “хулафои рошидин” номига ушбу тўрт халифани билиттифоқ мансуб қилганлар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин!).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва кейинги тўрт халифа суннатига эргашмоқ - хусусан, бугунгидек ихтилоф ва фирқалар кўпайган бир пайтда - шубҳасиз, нажот сари бошлайди.

7. Бидъатлардан ҳазир бўлинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “ Ким бизнинг ушбу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, унинг иши рад қилинади”.

Мана шу ҳадис шарҳидан унинг улкан асос эканлиги ва кимда-ким динда йўқ нарсани чиқарса, унинг бидъати ўзига қайтарилиши ҳақида билиб олдик. Албатта Ислом бу каби залолатли бидъатлардан мутлақо покдир. Ҳар кимки бир ишни пайдо қилиб, уни динга нисбат берсаю, у нарсанинг динда асоси бўлмаса, у ёмонланган янгиликдир.

Бидъатнинг шаръий ва луғавий маънолари мавжуд. Динда шоренинг[30] буйруғига ҳамда унинг хос ва умумий далилига тескари тарзда янгилик яратиш бидъатнинг шаръий таърифидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бир бидъат залолатдир!” деган кенг қамровли ҳадислари мана шундай бидъатдан огоҳлантирувчи қоидадир.

Бидъатнинг луғавий маъноси эса илгари ўхшаши бўлмаган нарсани ихтиро қилиш демакдир. Айрим саҳобалар тилида бидъат лафзининг мақталишини ҳам айнан шу иккинчи маънода тушунмоқ лозим. Умар разияллоҳу анҳу таровеҳ намозини ўқиётган мусулмонларни бир имом орқасига жамладилар ва кейин шу тарзда намоз ўқиётган мўминларни кўриб: “Бу нақадар яхши бидъат бўлди!” деган эдилар. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳуга айтдилар:

- Илгари бундай бўлмаган-ку?!

- Биламан, - деб жавоб бердилар Умар разияллоҳу анҳу.- Лекин бу яхши нарса.

Яъни Умар разияллоҳу анҳугача бу ишнинг бўлмагани аниқ эди. Бироқ шариатда унинг асли мавжуд бўлган.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида мусҳафнинг жамланиши, закот беришдан бош тортганларга қарши уруш очиш, бутун умматни битта мусҳаф атрофига тўплаш, Усмон разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида Қуръондан нусхалар кўчириб, чор-атрофга жўнатиш каби бир қанча янги ишларни саҳобалар хайрли деб топдилар ва айни ҳаракатлар шариатда асосланганлигига шубҳа билдирмадилар.

8. Видолашув пайтида дунё ва Охират учун фойдали бўлган тавсияларни айтмоқ суннатдир

9. Динда асоси бўлмаган янги ишларнинг олдини олиш, одамларни улардан қайтариш лозим

 

Йигирма тўҚҚизинчи ҳадис
Яхшилик эшиклари ва ҳидоят йўллари

 

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ يُدْخِلُنِي الْجَنَّةَ وَيُبَاعِدُنِي عَنِ النَّارِ، قَالَ: "لَقَدْ سَأَلْتَ عَنْ عَظِيمٍ، وَإِنَّهُ لَيَسِيرٌ عَلَى مَنْ يَسَّرَهُ اللهُ تَعَالَى عَلَيْهِ: تَعْبُدُ اللهَ لا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ، وَتَصُومُ رَمَضَانَ، وَتَحُجُّ الْبَيْتَ".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أَدُلُّكَ عَلَى أَبْوَابِ الْخَيْرِ: الصَّوْمُ جُنَّةٌ، وَالصَّدَقَةُ تُطْفِئُ الْخَطِيئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ، وَصَلاةُ الرَّجُلِ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ، ثُمَّ تَلا: (تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ – حَتَّى بَلَغَ – يَعْلَمُونَ)".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أُخْبِرُكَ بِرَأْسِ الأَمْرِ وَعَمُودِهِ وَذِرْوَةِ سَنَامِهِ".
قُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: رَأْسُ الأَمْرِ الإسْلامُ، وَعَمُودُهُ الصَّلاةُ، وَذِرْوَةُ سَنَامِهِ الْجِهَادُ".
ثُمَّ قَالَ: "أَلا أخْبِرُكَ بِمِلاكِ ذَلِكَ كُلِّهِ". فَقُلْتُ: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَخَذَ بِلِسَانِهِ وَقَالَ: "كُفَّ عَلَيْكَ هَذَا". قُلْتُ: يَا نَبِيَّ اللهِ، وَإِنَّا لَمُؤَاخَذُونَ بِمَا نَتَكَلَّمُ بِهِ؟ فَقَالَ: "ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ فِي النَّارِ عَلَى وُجُوهِهِمْ – أَوْ قَالَ: عَلَى مَنَاخِرِهِمْ – إِلا حَصَائِدُ أَلْسِنَتِهِمْ". (رواه الترمذي وقال: حديث حسن صحيح).

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

- Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин, - дедим.

- Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон-бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил!

Сўнг дедилар:

- Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайинми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир).

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: ”Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас”. [31]

Сўнг дедилар:

- Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?!

- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дедим мен.

- Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир!

Сўнгра дедилар:

- Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?!

- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб, дедилар:

- Мана бунингни тийгин!

- Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?!

- Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки “бурунлари билан” дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Термизий ривоятлари. Ҳасан саҳиҳ ҳадис).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 

Ушбу ҳадисда инсонни жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирувчи солиҳ амаллар баён этилаяпти. Бандаларнинг жаннатга киришлари, дўзахдан нажот топишлари учун пайғамбарлар юборилган, китоблар нозил қилинган. Шу боис, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга: “Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг”, дедилар. Шу саволни берган яна бир саҳобийга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эдилар: “ Гарчи саволинг қисқа бўлса-да, жуда улкан ва узун нарса хусусида сўрадинг!”

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Муоз разияллоҳу анҳу солиҳ амалларга қаттиқ эътибор берганлар

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг юқоридаги саволлари бир томондан уларнинг солиҳ амалларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганишга бўлган баланд иштиёқлари ва уларга нисбатан тиришқоқ эканликларини кўрсатса, иккинчи томондан улуғ саҳобийнинг фасоҳатли тилига далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг қисқа ва маъноли саволларини эшитиб, уларни мақтадилар: “ Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг!”

Чунки жаннатга етишмоқ ва дўзах ўтидан омон қолмоқ жуда улкан ишдир. Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини сўзсиз адо этмоқ ва жами мункар ишдан ўзни покиза сақламоқ ушбу олий мақсадга олиб боради. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу худди шу ҳақда сўраган эдилар.

2. Солиҳ амаллар инсоннинг жаннатга киришига сабабдир

Муоз разияллоҳу анҳунинг “Мени жаннатга киритадиган амал ҳақида хабар беринг” деган саволлари ва мана бу ояти карима амалларнинг жаннатга кириш учун сабаб эканига очиқ далил ҳисобланади: «Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир!” (Аъроф сураси, 43-оят).

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳеч қайсиларингиз жаннатга амали билан кирмайди!” деган ҳадисларига келсак, унинг маъноси қуйидагича: Ҳеч ким фақат амали билан жаннатга ҳақли бўлмайди. Аввало амаллар мақбул бўлмоғи лозим. Бу эса ёлғиз Парвардигор фазли ва марҳамати билан амалга ошади. Ҳаёти дунёда кишининг солиҳ амалга муваффақ этилиши ҳам Аллоҳ таоло тавфиқи биландир. Аллоҳ ҳидоят этган бандалар ҳақ йўлдан оғишмасдан солиҳ амалларни адо этадилар. Аллоҳ ҳидоятига муяссар бўлмаган бадбахт кимсалар эса залолатга юз тутиб, беамал қоладилар.

“Ана энди ким (садақаларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни ёлғон деса, бас, Биз уни оғир йўлга “муяссар” қилурмиз!” (Лайл сураси, 5-10-оятлар).

3. Ислом рукнларини адо этмоқ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу саволига жавоб бердилар: Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз деб билиш ва намоз, закот, рўза ҳамда ҳаж каби Ислом фарзларини адо этиш солиҳ амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу марҳамати билан ушбу солиҳ амалларни жаннатга дохил бўлиш учун сабаб қилди.

Аввалги шарҳларда айтиб ўтилганидек, иймоннинг мазкур беш рукни диннинг пойдеворлари саналади.

Яхшилик эшиклари

Ибн Можа ривоятларида “Жаннат эшиклари” дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга насиҳат қила туриб, фарз амалларни тўкис адо қилгач, Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш учун нафл-суннат ибодатларга эътиборли бўлишга чақирдилар. Ҳадиси қудсийда айтилади: “ Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам нафл ибодатлар билан Менга яқинлик-қурбат ҳосил қилишда давом этаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан”.

Яхшилик эшиклари ва унга олиб борувчи сабаблар қуйидагилардир:

а) Рўза қалқондир!

Бу ерда нафл рўза хусусида гап кетаяпти. Чунки Рамазон рўзаси ҳақида ҳадиснинг аввалида айтиб ўтилди. Нафл рўза Охиратда ўз соҳибини дўзахдан тўсади. Мўмин Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, нафсини ейиш-ичиш каби хоҳишлардан тўсади ва бу инсонни шариат ҳудудларига риоя қилишга ўргатади. Аллоҳ буюрганларини адо этиб, қайтарган ишларидан қайтишга, яъни тақволи бўлишга олиб боради. Нафсининг шаҳват ва хоҳишларидан устун келган мўмин, энди унга асир бўлмайди ва нафл рўзалари сабабли тақводор, покиза, солиҳ инсонлар сафига қўшилади.

б) Садақа гуноҳларни ўчиради

Бу ўринда садақалардан мурод закотдан ташқари садақалардир. Чунки ҳадисда ундан олдинроқ закот ҳақида алоҳида гапирилди. Садақа-эҳсонлар Аллоҳ таоло ҳаққига тааллуқли кичик гуноҳлар асарини ўчириб юборади. Улкан гуноҳлар эса фақат ҳақиқий тавба билангина ўчирилиши мумкин. Бошқа бир инсон ҳаққига тааллуқли бўлган гуноҳлар ёлғиз ўша кишининг розилиги билан кечиб юборилади. Садақанинг нафи бошқаларга ҳам текканлиги боис, унга гуноҳларни ўчириш хусусияти берилган. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Садақа Парвардигор ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф этади”. (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Хато-гуноҳлар ўчирилиши билан умидлар уйғонади, қалблар ёришади, амаллар софлиги таъминланади. Садақа ўзининг ана шу хислатлари билан бошқа солиҳ амаллар учун эшик вазифасини ўтайди.

в) Кечаси туриб ўқиладиган намоз

Кечаси туриб ўқиладиган намоз фазилати эркак-аёлга баробар. Ҳадисда мукаллаф бўлган ҳар бир банда кўзда тутилган. Таҳажжуд намозининг улкан фазилати ҳақида бир қанча оят-ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сажда сурасининг 16-17-оятларини келтириб ўтдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечаси туриб ўқиладиган намоз ва инфоқ-эҳсон фазилати хусусидаги муборак ҳадисларини Аллоҳ таолонинг оятлари таъкидлаб келади: “Албатта тақводор зотлар Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларини (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар. Зеро, улар бундан илгари чиройли амаллар қилувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар ва саҳарларда улар мағфират сўрар эдилар”. (Зориёт сураси, 15-18-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фарз намозидан кейин энг афзал намоз кечаси туриб ўқиладиган намоздир”. (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Таҳажжуд намозини лозим тутинглар. Албатта бу сизлардан илгари ўтган солиҳ зотлар одатидандир. Қиёми лайл (яъни кечалари туриб намоз ўқиш) Аллоҳ азза ва жаллага яқинлик, гуноҳдан тўсувчи, ёмон қилмишларни ювиб юборувчи ва танадан касалликни ҳайдовчидир”. (Термизий ривоятлари).

Таҳажжуд намози учун энг афзал вақт тун ўртаси ҳисобланади.

5. Ислом динининг боши, устуни ва унинг олий нуқтаси

Инсониятнинг меҳрибон муаллими Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бамисоли саҳобийларининг кўзларида зиёда илмга бўлган муҳаббат чўғини кўрдилар-у, набавий маърифат инжуларидан яна бир қанчасини ҳадя қилдилар.

«Сенга айтиб берайми?» деб сўз бошладилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Албатта ушбу жумладан кейин эшитувчининг эътибори бир жойга жамланади ва айтилажак сўзларни жон қулоғи билан тинглайди. Ўрганувчининг эътиборини бир жойга тўплаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай йўл тутардилар.

а) Ишнинг боши - Ислом

Ушбу жумланинг шарҳи Имом Аҳмад Муоз разияллоҳу анҳудан келтирган бошқа бир ривоятдан англашилади. У ерда бундай дейилган: “ Бу ишнинг боши - “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У Ёлғиздир ва Муҳаммад Унинг қули ҳамда элчисидир”, деб гувоҳлик беришинг!”

Яъни диннинг боши юқорида айтиб ўтилган икки шаҳодатдир. Кимда-ким мана шу икки шаҳодатга ичи ва таши билан иқрор бўлмаса, унинг Исломга мутлақо алоқаси йўқ. Баъзилар айтадилар:” Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ушбу диннинг боши ўзининг бешта рукни билан бирга бўлган Исломдир”.

б) Устуни - намоз

Чодирни тутиб турувчи асос устун бўлганидек Исломни тутиб турувчи асос намоздир. Уйнинг устунлари уни кўтариб, яшашга яроқли қилиб туради. Худди шунингдек, намоз динни кўтариб, зоҳир қилиб туради. Намозни тўкис адо этувчи мўминлар Парвардигорга яқин бўлишдек олий даражага эришадилар. Айнан мана шу ибодат рукни ожиз ва муҳтож инсоннинг Меҳрибон, Ҳалийм ва Азийз Парвардигори билан бўлган алоқасини мустаҳкамлайди.

в) Чўққиси жиҳоддир!

Чунки айнан жиҳод орқали Аллоҳнинг калимаси олий бўлади, Ислом ўзга динлар устидан тантана қилади. Ўзга ибодатларда ушбу хусусият йўқлиги боис, жиҳод Исломнинг чўққиси дейилди.

Жиҳоднинг фарзлардан кейин энг афзал амал эканлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадислар мавжуд. Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим:

- Ё Расулуллоҳ! Энг афзал амал қайси?

- Аллоҳга иймон келтирмоқ, кейингиси Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқ. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Арабларнинг энг яхши моли туя бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда туянинг ўркачини ташбеҳ қилиб келтирдилар. Улар бошлиқларини ҳам туяга ўхшатишарди.

6. Юқоридагиларнинг барчасига асос тилни тийишдир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга қилган насиҳатлари сўнгида мазкур олий амалларнинг асоси бўлган ҳамда уларни маромига ва меъёрига етказадиган бир амални баён этдилар: Тилингни тийгин!”

Тилни ёмон сўзлардан, гуноҳ-маъсиятлардан тийишнинг нақадар муҳимлиги аввалги шарҳларимизда ҳам кўп бор айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган банда (фақат) яхши гапни гапирсин, йўқса сукут сақласин”.

“Бир саҳобий дедилар:

- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални кўрсатингки, у мени жаннатга олиб кирсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларига ишора қилиб дедилар:

- Манавини тийгин!

Ҳалиги киши саволини яна такрорлади.

- Сени йўқлаб онанг йиғласин! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга итқитаётган нарса тилларининг ҳосиллари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам”. (Баззор ривоятлари).

Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Тилларининг ҳосиллари”дан мурод ҳаром сўзга берилажак жазо-уқубатдир. Зеро, инсон ўзининг сўзи ва амали билан яхшилик ёки ёмонлик уруғларини сочади. Сўнг Қиёмат кунида эккан нарсасининг ҳосилини ўради. Сўзи ва амали билан эзгулик уруғини сочган инсон хайрли ҳосил кўтаради. Сўз ва амали ёмонликдан иборат бўлган кимса надоматли ҳосил кўтаради”.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу ҳадисидан тушунамизки, инсоннинг дўзах оташида ёнишига кўпинча унинг тили сабабчи бўлар экан. Инсон Аллоҳ наздида энг улкан гуноҳ саналмиш ширкни ҳам ана шу тили билан қилади. Ширкнинг шериги - Аллоҳ таоло хусусида билмасдан гапириш, ширкка тенг кўрилган гуноҳ - ёлғон гувоҳлик бериш, сеҳр-жоду, туҳмат каби гуноҳи кабиралар ва ёлғон, ғийбат, бўҳтон каби гуноҳлар ҳам тилнинг мевалари таркибига киради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Инсонни энг кўп дўзахга киритадиган нарса икки ғовак: оғиз ва фарждир”. (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Молик Зайд ибн Асламдан, отасидан ривоят қиладилар: “Умар разияллоҳу анҳу Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳузурларига кирсалар, тилларини қўллари билан тортиб турган эканлар.

- Ҳой, Аллоҳ мағфират қилгур, секинроқ! - дедилар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.

- Мени балоларга гирифтор этган мана шу бўлади! - деб жавоб бердилар Абу Бакр разияллоҳу анҳу”.

Ибн Бурайдадан ривоят: “Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг тилларини ушлаб шундай деяётганларининг гувоҳи бўлдим: “Шўринг қурғур! Фақат яхши сўзларни сўзла: ўлжа оласан ёки ёмон гап-сўздан сукут қил: саломат қоласан. Акс ҳолда, билгинки, пушаймон бўласан!” Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан сўрашди:

- Эй Абу Аббос! Нега ундай деяпсиз!

- Айтишларича, Қиёмат кунида инсоннинг энг ёмон кўрган ва ғазабини сочган аъзоси ўзининг тили бўлар экан. Фақат яхши нарсаларни ёздирган бандагина бу ҳолга тушмайди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Яккаю Ёлғиз илоҳ бўлмиш Аллоҳ номига қасам ичиб айтардиларки, ер юзида узоқ вақт ҳибс этилишга тилдан-да лойиқроқ нарса йўқ!

Ҳасан Басрий айтадилар: “ Тил тананинг амиридир. Агар у аъзолар устидан жиноят қилса, аъзолар ҳам жиноятга қўл уради. Агар у яхши бўлса, аъзолар ҳам яхши бўлади”.


Поделиться с друзьями:

Историки об Елизавете Петровне: Елизавета попала между двумя встречными культурными течениями, воспитывалась среди новых европейских веяний и преданий...

Индивидуальные очистные сооружения: К классу индивидуальных очистных сооружений относят сооружения, пропускная способность которых...

История развития хранилищ для нефти: Первые склады нефти появились в XVII веке. Они представляли собой землянные ямы-амбара глубиной 4…5 м...

Особенности сооружения опор в сложных условиях: Сооружение ВЛ в районах с суровыми климатическими и тяжелыми геологическими условиями...



© cyberpedia.su 2017-2024 - Не является автором материалов. Исключительное право сохранено за автором текста.
Если вы не хотите, чтобы данный материал был у нас на сайте, перейдите по ссылке: Нарушение авторских прав. Мы поможем в написании вашей работы!

0.107 с.