Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади — КиберПедия 

Особенности сооружения опор в сложных условиях: Сооружение ВЛ в районах с суровыми климатическими и тяжелыми геологическими условиями...

Типы сооружений для обработки осадков: Септиками называются сооружения, в которых одновременно происходят осветление сточной жидкости...

Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади

2017-11-27 259
Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади 0.00 из 5.00 0 оценок
Заказать работу

Қалблар иймондан холи бўлган кун ўзаро муҳаббат ҳам барҳам топади. Кўнгилларга ҳасад, худбинлик ва ёвузлик ин қуради. Одамлар икки оёқли бўриларга айланади. Ҳаёт издан чиқади. Зулм-зўравонлик тантана қилади. Ички адоватлар ва бир-бирини кўролмаслик одат тусига киради. Бундай тубан ҳолатга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мос тушади: “Улар жонсиз ўликлардир. Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар”. (Наҳл сураси, 21-оят).

7. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди

· Инсонларни ўзаро аҳил-иноқ қилиш билан улар аҳволини ўнглаш Ислом дини қаттиқ эътибор берадиган муҳим амаллар сирасидандир.

· Ҳасад билан комил иймон ҳеч қачон бирлашмайди. Ҳасадчи ўзгаларнинг ундан ўзиб кетишини ёхуд тенглашишини асло истамайди. Бундай қалби касал кимсалар ўзлари етиша олмайдиган хайр-яхшиликнинг бошқаларга насиб этишини ёмон кўрадилар. Ҳасадчи бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

· Иймон кўпайиб-камайиб туради. Тоат-ибодат билан иймон зиёдалашиб, гуноҳ-маъсият оқибатида камаяди.

 

Ўн тўртинчи ҳадис
Мусулмон кишининг қони тўкилмайди

 

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لا يَحِلُّ دَمُ امْرِئٍ مُسْلِمٍ يَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ إِلا بِإِحْدَى ثَلاثٍ: الثَّيِّب الزَّانِي، وّالنَّفْسُ بِالنَّفْسِ، وَالتَّارِكُ لِدِينِهِ الْمُفَارِقُ لِلْجَمَاعَةِ". (رواه البخاري ومسلم).

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб ва мени Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик берадиган мусулмон кишининг қони фақат уч ҳолатдан бири сабабидангина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон сифатида ва Ислом динидан чиқса, жамоатни тарк қилса”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 

Мазкур ҳадиси шарифда Исломда инсоннинг нечоғлик қадрланиши яққол кўринади. Жамият учун зарарли хулқ-атворлардан холи, соғлом табиатли мукаррам инсоннинг ҳаёти қаттиқ ҳимоялангандир. Бироқ инсонийлик хислатларидан маҳрум бўлган, қалби маразга тўла кимсалар жамиятга хавф-хатар солувчи заҳарли ва қўланса жуссага айлансалар-чи?! Инсонларнинг дини, ор-номуси ва ахлоқига чанг солсалар-чи?! Бундай кимсалар исломий иззат-икромга номуносиб-дирлар. Жамият тинч ва осуда ҳаёт кечирмоғи учун уларни таг-томирлари билан юлиб ташламоқ лозим.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий ёзадилар: “Мазкур ҳадис энг эътиборли нарсалардан бири - жон масаласига тааллуқли бўлгани боис ҳам, муҳим асослар сирасига киради. Инсон қачон ўлимга ҳукм қилинади? Ҳадис ушбу саволга жавоб берар экан, асосан инсон ҳаётининг дахлсиз сақланишига кўпроқ эътибор қаратган ва бу мантиқан тўппа-тўғридир. Чунки Ислом ҳамиша инсониятнинг энг гўзал ва энг мўътадил суратида қолишини истайди”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Мусулмон қонининг ҳурмати

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир”, деб пок Парвардигорнинг ягоналигию, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари ҳақлигини тасдиқлаган кишининг ҳаёти омонда бўлади. Зеро, мусулмоннинг жонига қасд қилишга ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ҳаққи йўқ! Фақат қуйидаги уч оғир жиноятдан бири содир этилсагина, шаҳодат келтирган киши мазкур дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ушбу жиноятларнинг бирини содир этган киши ўлимга маҳкумдир:

1. Бир жонни қасддан ноҳақ ўлдириш;

2. Турмуш қурганидан кейин зино қилиш;

3. Муртадлик.

2. Тошбўрон

Турмуш қурган эркак ёки аёл ҳаромга юриб, зинога қўл урса, тошбўрон қилиб ўлдирилади ва бу ҳамма иттифоқ қилган масаладир. Чунки у Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ҳалол жуфтини қўйиб, ўзганинг ҳалолига кўз тикди. Покиза булоқдан юз ўгириб, ифлос балчиққа ўзини урди. Зинокор насл-насабнинг бузилиб-аралашиб кетишига сабабчи бўлиши билан инсониятга қарши жиноят қилган ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг қайтариғига қулоқ осмаган бундай кимсанинг жазоси тошбўрондир. “Зинога яқинлашманглар! Чунки у бузуқлик ва ёмон йўлдир”. (Исро сураси, 32-оят).

Хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин, озод, балоғатга етган, ақл-ҳуши жойида, дуруст никоҳ билан турмуш қуриб, жуфти ҳалоли билан қовушган банда Қуръонда “муҳсан” деб таърифланади. Муҳсан зинога қўл урса, тошбўрон қилиб ўлдирилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳсан зинокорни тошбўрон қилишга буюрганлар ва тошбўрон қилдирганлар. Муҳаддислар бу ҳақда бир қанча ривоятларни келтирганлар.

Тошбўрон қилиш хусусида Қуръони каримнинг лафзи насх[21] этилган оятида шундай дейилган: “Кекса киши ва кампир зино қилсалар, уларни Аллоҳдан жазо сифатида албатта тошбўрон қилингиз. Аллоҳ Азиз, Ҳаким Зотдир”.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Қуръони каримнинг қуйидаги оятидан тошбўрон қилишни истинбот[22] қилганлар: “Эй аҳли китоб! Сизларга расулимиз келиб, Китобдаги сиз яшириб келган кўп оятларни сизларга баён этмоқда ва хатоларингизнинг кўпини афв этмоқда”. (Моида сураси, 15-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Тошбўрон қилишни инкор қилган киши ўзи билмаган ҳолда Қуръонга куфр келтириб қўяди. (Сўнг Ибн Аббос разияллоҳу анҳу юқоридаги оятни тиловат қилдилар). Аҳли китоб яширган нарсалардан бири зинокорнинг тошбўрон қилиниши эди”. (Насоий ва Ҳоким ривоятлари).

3. Қасос

Бир мусулмонни қасддан ўлдирган кимса билиттифоқ[23] қасос-қатлга рўбарў қилинади. “Биз Тавротда: жонга жон, деб ёзиб қўйдик”. (Моида сураси, 45-оят).

Золимдан қасос олинар экан, одамлар тинч-бехавотир яшайдилар. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (шу билан жиноятлардан) сақлансангизлар!” (Бақара сураси, 175-оят).

Мукаллаф[24] банда бир жонни қасддан ўлдирса, қатл қилинади. Бу ерда қотил ёки мақтулнинг аёл ёки эркаклиги ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эр киши ўлдирилган аёл сабабли қатл қилинади”, дедилар. (Амр ибн Ҳазм китобидан).

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қизни ўлдирган яҳудийни қатл қилдилар”.

Ўлдирилган кишининг волийлари[25] қотилни авф этсалар, қасос ижро этилмайди.

Агар қотил ҳам, мақтул ҳам кофир бўлса, билиттифоқ қасос вожиб. Бироқ мақтул яъни ўлдирилган киши зиммий ёхуд омонлик берилган қавмдан бўлиб, ҳарбий одам бўлмаса нима қилинади? Айрим олимлар (жумладан ҳанафийлар) қуйидаги оят ва ҳадисга биноан қасос вожиб бўлади, дейишган: “Албатта жонга жондир...” (Моида сураси, 45-оят); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жонга жон!”

Бошқалар (улар қаторида шофеийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар бор) кофирни ўлдириб қўйгани учун мусулмондан қасос олинмайди, деб фатво беришган. Улар бунга қуйидаги ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон кофирни ўлдиргани сабабли ўлдирилмайди”. (Бухорий ривоятлари).

Иккинчи қавл[26] эгалари мазкур ҳадисни жонга жон мазмунидаги умумий ҳадисга нисбатан хословчи сифатида қабул қилишди.

Жумҳур[27] олимлар наздида боласини ўлдириб қўйгани учун ота қатл қилинмайди. Ушбу фатво Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

Муртаднинг жазоси

Диндан қайтган кимса куфрда қаттиқ туриб, муртадликдан тавба қилишни истамаса, билиттифоқ ўлдирилади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Динини ўзгартирган кимсани ўлдирингиз!” (Бухорий ва сунан соҳиблари ривояти).

Агар аёл диндан қайтса, нима қилинади?

Жумҳур олимлар юқоридаги умумий далилларга биноан: “Муртад аёллар ҳам қатл этилади”, деб фатво берганлар. Ҳанафийлар эса: “Муртад аёл ўлдирилмайди. У то динга қайтмагунича ёки ажали етиб вафот этгунига қадар хибсда сақланади”, дейишган. Негаки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушда аёлларни ўлдиришдан қайтарганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ҳанафийлар аслий кофира билан диндан қайтган муртад аёл ўртасини ажратмаганлар ва ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб олганлар.

5. Қасос ва жазо ким томонидан амалга оширилади?

Қасосни ҳоким буйруғига мувофиқ мақтулнинг волийси амалга оширади. Муртад ва оилали зинокорга ҳам ҳоким амрига биноан ҳукм ижро этилади. Агар мақтулнинг волийси ҳокимдан бесўроқ қотилни ўлдириб қўйса ёхуд бирон киши муртад ёки оилали зинокорни ҳоким изнисиз қатл қилса, ҳокимнинг вазифасига берухсат дахл этганлари учун уларга таъзир берилади. Бироқ ҳақиқатан ўлимга лойиқ кимсаларни ўлдирганликлари сабабли қатл қилинмайдилар.

6. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:

· Динда мусулмонлар жамоаси тутган йўл эътиборга олинади. Бу уларнинг мутлақ кўпчилик қисми демакдир;

· Ҳамиша мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлиш лозим. Мусулмонлардан ажралиб қолиш мумкин эмас;

· Юқорида санаб ўтилган учта жиноятдан қайтариш ва уни содир этишдан огоҳлантириш;

· Ҳадлар, яъни шаръий жазоларларни татбиқ қилишдан аввал жамиятни Аллоҳ таолодан қўрқишга ва У Зотнинг ҳамиша барча ишларни кўриб-билиб туришини ҳис этишга одатлантирмоқ ва шу руҳда тарбия қилмоқ керак;

· Исломда ҳад инсонларни гуноҳ ва маъсиятлардан тўсиб турувчи бир тўсиқ кабидир;

· Ҳанафийлар наздида қасос фақат қилич билан ижро этилади. Шофеийлар эса қуйидаги фатвода тўхташди: қотил мақтулни нима билан ўлдирган бўлса, ўзи ҳам шундай йўл билан ўлдирилади. Аммо мақтулнинг волийси қилични танлаши мумкин...

Ўн бешинчи ҳадис
Фақат яхши сўзларни сўзламоқ, меҳмон ва қўшни ҳаққига риоя этмоқ иймоний хислатлардандир

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَو لِيَصْمُتْ، و مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ". (رواه البخاري ومسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 

Ибн Ҳажар ёзадилар: “Мазкур ҳадис ҳам жавомеул калим намунасидир. Учта асосни ўзида жамлаган бу саҳиҳ ривоят сўз ва феъллардаги гўзал ахлоқларни тарғиб қилади”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Инсон ва унинг жамият билан бўлган алоқаси

Жамиятдаги ҳар бир киши жамият билан узлуксиз алоқада бўлиб туради. Сиз ўзгалар билан алоқа боғлашга муҳтож бўлганингиздек, бошқалар ҳам сиз билан турли муносабатларда бўлишга эҳтиёж сезадилар. Ислом инсонлар ўртасидаги алоқа ва ўзаро муносабатлар соғлом асос устига қурилишини истайди. Одамлар бир-бирларини иззат-икром қилиб, чиройли сўзлар ва гўзал хулқ-атворлар билан ёр-биродарлари, қўни-қўшнилари ҳамда қадрли меҳмонлари кўнглини овласалар, ҳақ дин тарғиб қилаётган покиза жамият юзага келади. Бунинг учун эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзлари ҳар биримиз учун дастуруламал бўлмоғи лозим.

2. Фақат хайрли сўзларни сўзлаб, беҳуда гаплардан ўзини тиймоқ иймон комиллигидандир

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифларида биз учун ҳар икки дунёда фойдали бўлган ажойиб хислатни баён қилиб бердилар. Мусулмон фарзанди фақат дунёю охиратига манфаати бор сўзларни сўзлайди. Ўзи учун ҳам, биродарлари учун ҳам бефойда бўлган гап-сўзлар қаршисида сукутни афзал кўради. Зеро, беҳуда гап-сўз орқасидан кимгадир зиён етказиб қўйиш ёхуд фисқу фасод урчишига йўл очилиши ҳеч гап эмас. Ана унда киши Парвардигори ғазабига дучор бўлади. Шу боис, фақат хайрли сўзларни сўзлаш комил иймон белгиларидан саналади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банданинг иймони то унинг қалби ўнгланмагунига қадар тўғри бўлмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди”. (Аҳмад ривоятлари). Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда тилини сақламагунга қадар иймон ҳақиқатига етмайди”. (Табароний ривоятлари).

3. Кўп гапириш ҳалокатга олиб боради. Тилни беҳуда гаплардан сақламоқ нажотга бошлайди

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломи гўзаллигидандир”.

Беҳуда валақлаш кишининг яхши амалларини ҳавога совуриб, уни жаннатдан маҳрум қилиши мумкин. Мусулмон киши бир гапни гапиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрсин. Агар унинг оғзидан чиқадиган сўз хайрли бўлса, ажру савоб келтирса, гапирсин. Бордию ёмонлик-фасод қўзғайдиган бемаъни гап бўлса ёки яхши-ёмонлиги мубҳам бўлса, тилини тийгани маъқул. Чунки одам ҳар битта гапи учун жавоб беради. Банданинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз унинг фойдасига ёхуд зарарига хизмат қилади. “У бирон сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи бордир”. (Қоф сураси, 18-оят). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни гапириб қўядида, ана шу сўзи сабабли Парвардигор уни қанча даражага кўтаради. Яна бир банда парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди”. (Бухорий ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳунинг: “Биз ҳар битта гапимизга жавоб берамизми?” деган саволига қуйидагича жавоб қилганлар: “Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни бурунлари билан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?!” (Термизий ривоятлари).

4. Сўзлаш одоби

Исломда сўзлаш одоблари мавжуд:

· Мусулмон фарзанди ҳамиша фойдали-хайрли сўзларни сўзламоғи ва ҳар қандай ҳолатда ҳаром гап-сўзлардан ўзини тиймоғи лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни сифатлаб шундай дейди: “Улар лағвдан юз ўгирувчи кишилардир”. (Мўминун сураси, 3-оят). Лағв деб ғийбат, туҳмат, маломат каби ботил гап-сўзларга айтилади.

· Тақволи зотлар мубоҳ гапларни ҳам кўп гапирмайдилар. Чунки тинмасдан гапирадиган киши бехосдан ҳаром ёхуд макруҳ сўзларни айтиб юбориши мумкин. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ зикридан бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳ зикридан ташқари гапларни кўп гапириш қалбни қотиради. Аллоҳ таолодан энг узоқ банда қалби қаттиқ кимсадир”. (Термизий ривоятлари). Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Кўп гапирадиган кимса кўп тойилади. Кўп тойиладиган кишининг гуноҳи ҳам кўпаяди. Гуноҳи кўпайган кимсага дўзах муносиб макон бўлади”.

· Эҳтиёж туғилганда, хусусан ҳақни баён этиш, амру маъруф, наҳий мункар қилиш учун гапирмоқ шарт. Зеро, бу улуғ ҳикматлар сирасига киради. Чунки ҳақни айтмасдан жим турган кимсанинг соқов шайтондан фарқи йўқ.

5. Қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлиш

Қўшнига яхшилик қилиш ва унга озор бермаслик комил иймон ва гўзал Ислом аломатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сўзлари барчамиз учун етарли мавъиза бўлмоғи керак. Аллоҳ таоло бандаларини ёлғиз Ўзига ибодат қилишга буюрар экан, оят давомида қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлишни ҳам амр этди.

“Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик этманглар. Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).

Исломда қўшнига яхшилик қилиш ва унга нисбатан чиройли муносабатда бўлиш шу қадар таъкидланганки, тарих давомида ҳеч қайси тузум қўшничиликка бунчалик эътибор бермаган. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қўшнига яхшилик қилиш хусусида Жибрийл алайҳиссалом менга шунчалик кўп насиҳат этдики, қўшни ҳам мерос олса керак деган ўйга бориб қолдим”. (Бухорий ривоятлари).

Қўшнига озор бериш иймони чала кимсанинг иши. Мазкур ярамас сифат бандани ҳалокат сари бошлайди.

6. Қўшнига озор бериш Исломда ҳаромдир

Бу иш гуноҳи кабиралардан саналади ва унинг Аллоҳ ҳузуридаги жазоси ҳам даҳшатли бўлади. Ён-атрофдагиларга озорлар етказиб юрувчи кимса комил иймон неъматига етишолмайди. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:

- Энг улкан гуноҳ нима?

- Сени Аллоҳ таоло яратган бўла туриб бировни Унга шерик қилишинг, - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Сўнг қайси гуноҳ?

- Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб ўз болангни ўлдиришинг!

- Сўнг қайси гуноҳ?

- Қўшнингнинг ҳалоли билан зино қилишинг. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Шурайҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди. Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди, - дедилар.

- Ким, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам! - сўрашди саҳобалар.

- Озорларидан қўшниси хотиржам бўлмайдиган кимса! - деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:

- Ё Расулуллоҳ! Фалончи аёл кечалари туриб намоз ўқийди. Кундузлари рўзадор юради. Бироқ унинг тили жуда узун - қўни-қўшниларига озор беради.

- Унда яхшилик йўқ. У аёл дўзахда бўлади! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

- Фалончи аёл эса фарз намозларини ўқийди. Рамазон рўзасини тутади. Бир бўлак пишлоқ бўлса ҳам садақа қилади. Унинг шундан бошқа амали йўқ. Бироқ у тили билан қўшниларига озор бермайди.

- Ўша аёл жаннатий! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари)

7. Қўшнига қилинадиган яхшилик кўринишлари

· Қўшнининг эҳтиёжини қондириш.

Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “ Мўмин киши қўшнисини оч қўйиб, ўзи тўқ юрмайди”. (Аҳмад ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ён қўшнисининг оч-наҳорлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунни ўтказган киши менга иймон келтирмабди!” (Ҳоким ривоятлари). Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Халилим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қуйидагича ўгит бердилар: “Агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин. Сўнг қўшниларинг оиласига қара ва уларга ҳам таомингдан улаш”. (Муслим ривоятлари).

· Ўз ҳаққидан кечиб бўлса-да, қўшнига фойда етказиш.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз қўшнисини унинг деворига хода қадашдан тўсмасин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

· Қўни-қўшнига ҳадялар бермоқ. Хусусан, бирон муносабат билан қўни-қўшниларга эҳсон қилиш хайрли амалдир.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қўшни аёл қўшни аёлга ҳатто бир бўлак суякли гўштни ҳадя этишини ҳам арзимас санамасин”. (Яъни бу нима бўларди, демасдан, боридан чиқараверсин). (Бухорий ривоятлари).

 

8. Меҳмонни иззат-икром қилиш кишининг иймони ва Исломи гўзаллигидандир

Ислом шариатига тўла-тўкис амал қилиб, яхшилар йўлидан юрган ҳар бир мўмин-мусулмон меҳмонини иззат-икром қилмоғи лозим. Чунки бу мўминнинг Аллоҳ таолога бўлган ҳақиқий иймони ва чин таваккулига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”.

Меҳмон ҳурматини жойига қўймоқ Исломнинг гўзал одобларидан ва солиҳ инсонлар хулқидан эканлиги шубҳасиз. Хўш, меҳмонни зиёфат қилиш мезбон тарафидан кўрсатиладиган фазлу карамми ёхуд меҳмоннинг вожиб ҳаққими? Мазкур масалада уламолар ихтилоф қилганлар. Аҳмад ва Лайс меҳмонни бир кеча-кундуз имкон қадар зиёфат этмоқ вожиб дейишган. Уларнинг далиллари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Меҳмон учун бир кеча зиёфат ҳар бир мусулмон зиммасида вожибдир”. (Ибн Можа ривоятлари).

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят:

- Ё Расулуллоҳ! Сиз бизни чор атрофга жўнатасиз. Биз борган жой аҳли меҳмондўстлик кўрсатмайди. Ўшанда биз нима қилишимиз керак? - деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадик.

- Агар бир қавм орасига келиб тушсангиз ва улар меҳмонга лозим бўлган нарсаларни муҳайё қилсалар, қабул қилиб олингиз. Аммо қавм бундай қилмаса, улар адо этиши лозим бўлган меҳмон ҳаққини улардан ўзларингиз олинглар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

“Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”.

Бу буйруқ. Маълумки буйруқ фарзга далолат қилади. Агар меҳмонни иззат-икром қилиш фарз деб олинса, унда қуйидаги масала қандай ечилади: Бир киши меҳмоннинг ҳаққини адо этмади. Хўш, ҳалиги меҳмон ҳаққини мезбон молидан ўзи ундириб оладими ёки ундириб олиш учун ҳокимга арз қиладими? Айни масала хусусида имом Аҳмаддан икки хил сўз ривоят қилинган.

Аксар уламолар наздида меҳмонни зиёфат қилиш фарз эмас, мустаҳаб саналади. Чунки ҳадисда “Меҳмонни иззат-икром қилсин”, бошқа бир ривоятда эса “Яхшилик қилсин”, дейилган. Ҳар иккала лафз фарзни англатмайди. Чунки иззат-икром ҳам, яхшилик қилиш ҳам гўзал ахлоқлар сирасига киради.

9. Меҳмондўстлик ва меҳмон одоблари

Меҳмонни очиқ юз ва ширинсуханлик билан кутиб олиш ва имкон қадар таом ҳозирлаш меҳмондўстлик одобларидандир. Мезбон биринчи куни аҳли-оиласи истеъмол қиладигандан зиёдароқ неъматлар билан меҳмонини иззат-икром этади. Қолган икки кунда эса оиласининг кундалик егулиги билан дастурхон тузайди. “Меҳмонни кутиб олиш уч кундир. Қўшимча туҳфаси эса бир кеча-кундуз. Ундан ортгани эса садақадир”. (Муслим ривоятлари).

Меҳмон мезбонни ноқулай аҳволга солиб қўймаслиги керак. Бировникида уч кундан ортиқ туриб уни қийнаб қўймасин. Ҳеч нарсаси йўқлигини била туриб, мезбонникида яшайвериш одобдан эмас. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

- Бир биродарини гуноҳкор этгунга қадар унинг уйида туриш мусулмон киши учун ҳалол бўлмайди.

- Ё Расулуллоҳ! Қандай қилиб уни гуноҳкор қилади? - сўрашди саҳобалар.

- Биродарининг меҳмон қилишга ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам уникида туравериш! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).

Мазкур ҳолатда мезбон меҳмонга вазиятни тушунтириб уни кузатиб қўйиши мумкин. Хусусан, уч кундан сўнг бунга мезбоннинг тўла ҳаққи бор. Чунки у мезбонлик бурчини ўтаб бўлган ҳисобланади.

10. Ҳадисга амал қилиш хосияти

Мазкур ҳадис мазмунини тўлиқ англаб, унга тўла-тўкис амал қилмоқ жуда аҳамиятли. Чунки у қалбларни бир-бирига яқинлаштиради, ўртадан кин-адоватни кўтаради. Ҳаммамиз кимгадир қўшнимиз. Кўпчилик одамлар меҳмон ёхуд мезбон бўлишади. Агар ҳар ким ўз қўшнисини иззат-икром қилса, ҳар бир мезбон меҳмоннинг ҳурматини жойига қўядиган бўлса, жамият фаровонлашади, ўзаро муҳаббат, дўстлик қарор топади. Айниқса, ҳар бир инсон сўзлаш одобига риоя қилиб, фақат яхши-хайрли сўзларни сўзласа ёки сукут қилса, яхшиликлар зиёда бўлади.

Ўн олтинчи ҳадис
Ғазаб қилма - жаннатий бўласан!

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلا قَالَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَوْصِنِي، قَالَ: "لا تَغْضَبْ" فَرَدَّدَ مِرَارًا، قَالَ: "لا تَغْضَبْ". (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят:Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менга насиҳат қилинг”, деди.

- Ғазаб қилма! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади.

- Ғазаб қилма! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”. (Бухорий ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Мусулмоннинг хулқи

Мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан сифатланган, ҳилму ҳаё ила зийнатланган бўлади. Тавозе либосини кийган бу инсон ўзгаларга раҳмдиллик билан муомала қилади. У бировлар оғирини ўз елкасига олади, озор-азиятларга сабр қилади, жазолашга қодир бўла туриб дилозорни афв этади, ҳамиша ғазабини боса олади... Хуллас, улуғ сифатлар ва гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади.

Саҳобий дунёю Охират яхшилигига етишиш умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир оғиз лўнда ибора билан унга насиҳат қилдилар: “Ғазаб қилма!”

Мазкур ибора ҳар бир хайр-яхшиликка дахлдор ва барча ёмонликка тўсиқ бўлган насиҳат эди.

2. Жаннатга бўлган муҳаббат ва унга олиб борадиган йўлларни излаш

Жаннат талабгори бўлмиш улуғ саҳобий ўзининг раҳнамоси, Фирдавси аълога етакловчи йўлбошчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёдлаш ва англаш осон, аниқ ҳамда лўнда бир насиҳат сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўровига мос, ҳамма замонларга хос тарзда жавоб қилдилар: “Ғазаб қилма!” Яъни юксак, набавий, қуръоний, иймоний ахлоқлар соҳиби бўл! Агар ана шундай олий ахлоқларни эгаллай олсанг, ғазабга қул бўлиб қолмайсан ва Аллоҳ розилигию жаннатига бошловчи ҳақ йўлингдан тойилмайсан.

3. Ҳалимлик ва босиқлик дунёю Охират саодатига бошлайди

Эй жаннатга дохил бўлишдан умидвор мусулмон биродар! Табиатингиз устун келиб, аччиғингиз чиққан кезда ўзингизни ғазаб ҳукмига топшириб қўйманг. Токи ёвузлик кучлари сизни ҳар кўйга солмасин. Ғазаб ҳукмрон бўлган пайтда банда ҳаром ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шу боис, ғазабингиз аланга олишига йўл қўйманг. Тақводор, комил иймонли мусулмон қандай бўлиши лозимлигини эсланг. “Парвардигорингиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади”. (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).

Ғазабингизни жиловлашни ўрганинг, шунда Аллоҳ таолонинг ғазабидан омон қоласиз ва тақводор зотлар сафида сиз ҳам жаннат аҳлига айланасиз.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

- Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан мени нима узоқлаштиради?

- Ғазаб қилма! - деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ривоятлари).

Ҳасан Басрий айтадилар: “ Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш”.

4. Ғазаб барча ёмонликнинг бошидир

Яна юқоридаги ҳадисга қайтамиз. Насиҳат сўровчи саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ғазаб қилма!” деган каломни эшитди ва қабул қилди. Бироқ шу лўндагина ҳикматли сўз билан кифояланмасдан яна ва яна насиҳат сўради. Улуғ саҳобий жаннатга киришдек улуғ мақсади учун бундан-да етукроқ ва фойдалироқ кўрсатма олмоқчи бўлган эди. Бироқ у ҳар гал “Насиҳат қилинг”, - деганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир хилда “Ғазаб қилма!” насиҳатини эшитарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур насиҳатни такрор-такрор қайтаришлари билан агар тўлиқ идрок этиб амал қилинса, шунинг ўзи етарли эканини таъкидладилар.

Оқил мўмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлари таъсирида у зотнинг мақсадларини англади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраган саҳобий айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини фикр қилиб, шундай хулосага келдим: ғазаб дунёдаги жамики ёмонликни ўзида жамлар экан”. (Аҳмад ривоятлари). Яъни ғазабини енга олган киши барча ёмонликни тарк этган бўлади. Барча ёмонликларни тарк этган киши эса жамики яхшиликка эришган ҳисобланади.

Сизга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин, Ё Расулуллоҳ! Пок Парвардигор сизни энг гўзал мукофотлар билан тақдирласин! Сиз бизга ҳусни хулқни ўргатдингиз. Барча ёмонликнинг калити бўлмиш хавфли хислатдан огоҳ этдингиз...

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:

- Энг яхши амал нима?

- Ҳусни хулқ! Бу иложи борича ғазаб қилмаслигингдир, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

5. Ғазаб заифлик, ҳалимлик эса қувват белгисидир

Ғазабга берилиш, бирпасда ловуллаб кетиш кишининг заифлигини билдиради. Бундай кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлсалар-да, заиф ҳисобланадилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

6. Ғазабнинг ҳалокатли оқибатлари

Жиззакилик бемаза хулқ, ёмон табиат ва ҳалокат келтирувчи қуролдир. Ғазабга қул бўлган банда, унинг хунук оқибатларидан қочиб қутулолмайди. Бу кўнгилсиз оқибатлар аввало унинг ўзига, иккинчидан эса жамиятга зарар келтиради.

· Ғазабнинг кишига етказадиган зарарлари жисмий-моддий, хулқий-маънавий ва руҳий-диний йўқотишлардан иборат.

Сиз дарғазаб кимсанинг ҳолатини кузатсангиз, бунинг моҳиятини тўла-тўкис англаб етасиз. Унинг ранги ўзгаради, қони қайнайди, томирлари бўртади, бармоқлари калтирай бошлайди, ҳарақатларидан маъно кетиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган одамнинг тилидан хунук ҳақоратлар ёғилади. Баъзан оғзидан куфр сўзлари ҳам чиқиб кетади. Устига-устак, унинг жоҳилона ҳатти-ҳаракати туфайли молу жонига зиён-заҳматлар етади.

· Ғазабнинг жамиятга зарари: ғазаб қалбларда нафрат уйғотади, ғаламисликка ундайди. Охир-оқибат у ўзига қул бўлган кишини бошқалардан ажратиб олади. u


Поделиться с друзьями:

Двойное оплодотворение у цветковых растений: Оплодотворение - это процесс слияния мужской и женской половых клеток с образованием зиготы...

Историки об Елизавете Петровне: Елизавета попала между двумя встречными культурными течениями, воспитывалась среди новых европейских веяний и преданий...

История развития пистолетов-пулеметов: Предпосылкой для возникновения пистолетов-пулеметов послужила давняя тенденция тяготения винтовок...

Археология об основании Рима: Новые раскопки проясняют и такой острый дискуссионный вопрос, как дата самого возникновения Рима...



© cyberpedia.su 2017-2024 - Не является автором материалов. Исключительное право сохранено за автором текста.
Если вы не хотите, чтобы данный материал был у нас на сайте, перейдите по ссылке: Нарушение авторских прав. Мы поможем в написании вашей работы!

0.126 с.